Амир Темур давлатида коррупцияга қарши тизимли кураш ва унинг амалий натижалари
Мансабдор шахсларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши ва халқ ҳисобидан бойлик орттириш васвасаси бўлган коррупция инсоният давлатчилик тарихининг барча босқичларида жамият тараққиётига тўғаноқ бўлиб келган энг оғир иллатлардан биридир.
Дунё цивилизациялари тажрибаси шуни кўрсатадики, буюк салтанатларнинг равнақи ёки инқирози фақат қўшинлар қудрати ёхуд хазина бойлиги билан эмас, балки бошқарув механизмининг софлиги, қонунларнинг барча учун бараварлиги ҳамда тамагирликка қарши муросасиз муносабат билан бевосита боғлиқ бўлган. Ўрта асрларда Марказий Осиё ҳудудида марказлашган қудратли давлат барпо этган Амир Темур бошқарувида ҳам ушбу масалага ички барқарорлик ва миллий хавфсизликнинг ўқ илдизи сифатида қаралган. Давлат равнақини адолат мезонлари устига қурган Соҳибқирон нопок амалдорларнинг хиёнати мамлакат пойдеворини ич-ичидан емиришини теран англаган эди.
Амир Темур мансабпараст ва молпараст кимсаларнинг шахсий бойлик тўплаш йўлида ҳар қандай разилликка бориши, бу иллат эса бутун бошқарув тизимида коррупциянинг илдиз отишига сабаб бўлишини олдиндан кўра билган. Шу боис давлатга хиёнат қилиш, порахўрлик, ваколат чегарасидан чиқиш ва умумхалқ манфаатлари ҳисобига нафсини қондириш энг оғир жиноятлар қаторига киритилган. Соҳибқирон бу хавфни бартараф этиш учун фақат жазолаш билан чекланмай, биринчи навбатда, порахўрликни келтириб чиқарувчи ижтимоий-иқтисодий омилларни йўқотишга интилган.
Бу борада қабул қилинган муҳим чора-тадбирлардан бири давлат идоралари хизматчиларининг ойлик маошларини кескин ошириш бўлди. Муҳим лавозимларда фаолият юритувчи амалдорлар, ҳисобчилар ва нуфузли девон вакилларининг таъминоти оддий хизматчиларникига нисбатан ўн, юз, зарур ўринларда эса минг баробаргача кўпайтириб белгиланди. Бу тартиб давлатга хизмати тегадиган иқтидорли арбоблар ва илм эгаларининг моддий муҳтожлик орқасидан эгри йўлга кирмаслигини кафолатлаган. Шу тариқа, махсус фармон ва қоидалар орқали ҳар бир мансабдорнинг хизмат вазифасига қараб ҳақ тўлаш тизими жорий этилди, уларнинг шахсий ҳамда интизомий жавобгарлиги қатъий меъёрлаштирилди.
Бироқ юқори маош ва кенг имтиёзлар масъулиятни заррача пасайтирмаган, аксинча, назоратни янада кучайтирган. Салтанат ҳудудларида вақти-вақти билан кутилмаган тафтишлар, сўров ва терговлар ўтказиб турилган. Қонун талаблари олдида оддий хизматчидан тортиб ҳукмдорнинг энг яқин сафдошлари ва оила аъзоларигача тенг ҳисобланган. Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ ҳамда набираси амирзода Пирмуҳаммад ўз лавозимларини суиистеъмол қилганликлари, фуқаролар ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишда совуққонликка йўл қўйганликлари учун шафқатсиз тарзда жазога тортилганлар. Ушбу воқеликни нафақат Шарқ муаррихлари, балки Соҳибқиронга хайрихоҳ бўлмаган европалик тарихчилар ҳам қатъий тасдиқлаб, қонун олдидаги тенгликнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этадилар.
Тарихчи Эркин Азимовнинг “Амир Темур салтанати” китобида келтирилишича, ҳукмдор ҳар гал узоқ юришлардан пойтахтга қайтганида, Самарқанд аҳолисининг турмуш шароитини шахсан ўрганиб, махсус белгиланган кунларда фуқароларнинг арз-додларини бевосита қабул қилган. Мазкур очиқ қабуллар давомида шаҳар ҳокими ва бошқа маъмурларнинг халққа нисбатан адолат билан иш тутган-тутмагани, тамагирликка йўл қўйилган-қўйилмагани аниқланган. Ўша даврда ҳаётий зарурат бўлган сув тақсимоти тизимидаги қонунбузарликлар энг оғир жиноят ҳисобланган. Ариқларни тўсиб қўйиб, фақат пора берганларгагина сув очиб берган миробларнинг хатти-ҳаракати одам ўлдириш билан тенглаштирилган. Ҳукмдор бундай ишларни холис кишилар – нуфузли саййидлар иштирокида синчиклаб кўриб чиққан ва айбдорларни ўша ернинг ўзида жазолаган.
Бошқарувдаги порахўрлик ва адолатсизликни жиловлашда халқ вакилларининг фикри муҳим таянч бўлган. Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида таъкидланишича, Амир Темур фозил кишилар билан мулоқотларидан бирида: “Мамлакатнинг аҳволи, девон ишларининг суиистеъмол қилинганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан қисиб қўйилиши каби ҳоллар менга қараганда сизларга кўпроқ аёндир. Шу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи, қонунларга мувофиқ чоралар ҳақида маълумот берсангизлар, айни муддао бўлур эди”, дея таъкидлайди. Бу далил Соҳибқирон коррупциянинг олдини олишда кенг жамоатчилик фикри ва очиқ мулоқот тизимидан унумли фойдаланганини кўрсатади.
Мазкур қатъий талаблар хорижлик дипломатларнинг ҳам эътиборини тортган. 1404 йилда Самарқандга ташриф буюрган Испания қироли Генрих III нинг элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз эсдаликларида шу йилнинг 9 октябрь куни рўй берган ҳайратланарли воқеани ёзиб қолдирган. Ўша куни шаҳар марказида тўпланган оломон олдида Самарқанднинг олий мартабали амалдори мансабини суиистеъмол қилгани ва давлатга хиёнат этгани учун қаттиқ жазоланади. Элчининг алоҳида қайд этишича, жазога ҳукм қилинган шахс давлатдаги энг нуфузли одамлардан бири бўлиб, Темурбек уни бундан олти йил-у ўн бир ой муқаддам Самарқандга бош бошқарувчи этиб тайинлаган эди. Бироқ хизмат мавқеи ҳам, юксак мартаба ҳам уни қонуний жазодан асраб қололмади.
Амир Темур давлатида коррупцияга қарши кураш чуқур ўйланган, изчил ишлайдиган мукаммал тизим асосига қурилган. Моддий таъминотнинг кафолатланиши, ваколат чегараларининг аниқ белгиланиши, мунтазам назорат ва қонун олдидаги қатъий тенглик салтанатнинг қудратини таъминлаган. Самарқанд майдонларида чиқарилган одил ҳукмлар ва адолат мезонларининг оғишмай ижро этилиши нафақат ўрта асрлар давлатчилиги барқарорлигини мустаҳкамлади, балки бугунги кун учун ҳам ибратли тарихий сабоқ бўлиб хизмат қилади.
Шоҳжаҳон СИРОЖИДДИНОВ,
Ўзбекистон Миллий архиви илмий ходими