Пойтахт аэропортида 6,8 кг. синтетик гиёҳвандлик воситаси ушланди
Гиёҳвандликка қарши курашиш борасида божхона органлари томонидан навбатдаги тезкор тадбир ўтказилиб, йирик миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситасининг мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди.
Жорий йилнинг 4 август куни пойтахт аэропортида “Тошкент-Аэро” ИБК Контрабандага қарши курашиш шўъбаси ҳамда “Тошкент халқаро аэропорти” чегара божхона пости ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши ва мамлакат ҳудудидаги яширин айланмасига қарши навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида Бангкокдан Тошкентга учиб келган ва божхона назоратидан “яшил” йўлак орқали ҳаракатланган икки нафар йўловчининг багажлари белгиланган тартибда текширилди.
Текширув жараёнида йўловчиларнинг юкларидан бир-бирига ўхшаш 2 дона вино шишаси ва 2 дона пластик идиш аниқланди. Уларнинг ичида умумий оғирлиги 6,8 килограмм бўлган “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди. Шу тариқа, гиёҳвандлик воситасини мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний равишда олиб киришга қаратилган навбатдаги уриниш фош этилди.

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси жамият хавфсизлиги ва аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солувчи омиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний тарқалиши ёшлар ҳаёти ва келажагига катта хавф туғдиради.
Афсуски, айрим шахслар моддий манфаат орттириш мақсадида бундай хавфли воситаларни турли яширин усуллар орқали мамлакатимизга олиб киришга уринмоқда. Божхона органлари томонидан эса бундай уринишларнинг олдини олиш, гиёҳвандлик воситаларининг контрабандаси ва яширин айланмасига қарши курашиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Божхона қўмитаси маълумотига кўра, йил бошидан буён республика божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 471 та ҳолатда қарийб 1 тонна 800 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва мамлакат ҳудудидаги яширин айланмасига чек қўйган.
Аниқланган мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда терговга қадар текширув ва процессуал ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА