Маҳаллаларда «Ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ўтказилмоқда
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» ўтказилмоқда. Ушбу ойлик давомида ҳудудларда тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ойликдан мақсад ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга маънавий ёрдам кўрсатиш.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ушбу ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти Кенгаши раиси Акрам Раҳмонқулов Жиззах шаҳридаги Турон маҳалласида бўлиб, «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, хонадонлар ва томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолати билан яқиндан танишди.
Ўрганишлар давомида маҳалла фуқаролари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилиб, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, ҳудудларни янада ободонлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда яшил майдонларни кўпайтириш, ўсимликларни суғоришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» доирасида эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, маҳаллада ўзаро ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Юртимизда амалга оширилаётган ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида маҳаллаларда қўни-қўшничилик алоқалари мустаҳкамланмоқда, ҳудудлар ободонлаштирилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга эса моддий ва маънавий ёрдам берилмоқда.
Солиҳа Абдуғафурова,
Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика ва ўзбек филологияси факультети талабаси.
ЎзА