Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасидаги ишлар жамоатчиликка тақдим этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Жамоатчилик кенгаши йиғилиши ўтказилди.
Тадбирда қўмита раҳбарияти ва масъул ходимлари, кенгаш аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Йиғилиш аввалида мазкур ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда сўзга чиққан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси ўринбосари Сардорбек Ёқуббеков ташкилот фаолиятининг асосий мақсади хавфсизликни таъминлаш билан бир қаторда, соҳада очиқлик ва шаффофликни кучайтиришдан иборат эканини таъкидлади.
– Бугунги кунда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш, жараёнларни тезлаштириш ва хизматлар шаффофлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулайлик яратиб, коррупциявий хавфларни камайтиришга хизмат қилади. Қўмита томонидан учта фаолият тури бўйича лицензия, етти йўналишда рухсатнома ва 11 та йўналишда хулосалар бериш асосида давлат хизматлари кўрсатилмоқда. 2026 йилнинг ўтган даврида 1487 та рухсатнома ва 544 та хулоса тақдим этилди. Мазкур хизматлар инсон омили иштирокисиз license.gov.uz ахборот тизими асосида амалга ошириляпти. Соҳада экспертлар фаолиятини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда республикада саноат хавфсизлиги соҳасида аккредитациядан ўтган 35 та эксперт ташкилотида 122 нафар эксперт фаолият юритяпти.
Шу билан бирга, саноат хавфсизлигини таъминлашда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўлами кенгайтирилмоқда. Хусусан, автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз эксплуатациясини назорат қилиш мақсадида автоматлаштирилган ахборот назорат платформаси ишлаб чиқилди. Унда баллонларнинг ягона реестри яратилиб, QR-код орқали маркировкалаш жорий этилди, синов жараёнларини фото ва видео қайд этиш йўлга қўйилди. Айни пайтда 316 та синов ўтказувчи ташкилот, учта ишлаб чиқарувчи ва 17 та импорт қилувчи мазкур платформа асосида фаолият юритмоқда, –деди С.Ёқуббеков.
[gallery-30834]
Йиғилишда қўмита тизимида коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, соҳада коррупцияга қарши курашишнинг институционал ва ҳуқуқий асослари тубдан янгиланиб, 14 та идоравий ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Шунингдек, учта чора-тадбирлар дастури ва битта “Йўл харитаси” амалиётга жорий этилган. Қўмитага юклатилган 64 та функциядаги хавф-хатарлар қайта баҳоланиб, 30 банддан иборат махсус дастур тасдиқланган.
Бу борада амалга оширилган ишлар халқаро стандартлар асосида ҳам баҳоланиб, “Контехназорат ўқув” ва “Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази” давлат муассасаларининг коррупцияга қарши бошқарув тизими ISO 37001 халқаро стандартига мувофиқ деб топилиб, сертификатланган.
Тадбирда Жамоатчилик кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот ҳам ўтказилди. Унда қўмита фаолиятига оид масалалар, жамоатчиликни соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида холис ва ишончли ахборот билан таъминлаш, шунингдек, аҳоли ва манфаатдор томонлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир якунида қўмита фаолияти ҳақида аҳоли ва манфаатдор томонларга холис, ишончли ва очиқ ахборот етказиш, жамоатчилик билан мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олиш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА