Пенсия ислоҳоти: фуқароларнинг эътироз ва таклифлари инобатга олинадими?
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида пенсия таъминоти тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда пенсия таъминоти тизимидаги мавжуд муаммолар, таклиф этилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, фуқаролар учун кутилаётган натижалар ҳамда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа юзасидан журналистларнинг саволларига мутасаддилар томонидан жавоб берилди.
Пенсия ислоҳоти лойиҳаси нега жамоатчилик муҳокамасига 15 кунга қўйилди?
Матбуот анжуманида муҳокама қилинган асосий масалалардан бири — пенсия ислоҳоти лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасида бўлиш муддати билан боғлиқ бўлди. Маълум қилинишича, лойиҳа 15 сентябрь куни жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган. Амалдаги тартибга кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида камида 15 кун бўлиши керак. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, 15 кун — лойиҳанинг муҳокамада бўлиши мумкин бўлган энг қисқа муддат. Яъни, лойиҳа белгиланган муддат тугаши билан автоматик равишда муҳокамадан чиқарилиши шарт эмас. Зарур бўлса, жамоатчиликдан қўшимча фикр ва таклифларни олиш учун муҳокама муддати узайтирилиши мумкин.
Жамоатчилик фикрлари инобатга олинадими?
Матбуот анжуманида лойиҳа юзасидан жамоатчилик томонидан билдирилаётган фикр ва таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Мутасаддиларнинг қайд этишича, муҳокама давомида келиб тушаётган барча таклифлар ўрганилмоқда ва таҳлил қилинмоқда. Қабул қилиш мумкин бўлган таклифлар лойиҳа матнига киритилиши, рад этилган таклифлар бўйича эса тегишли асослар кўрсатилиши белгиланган. Шунингдек, жамоатчилик муҳокамаси якунлангач, лойиҳа таклиф ва мулоҳазалар асосида қайта кўриб чиқилиб, кейинги ҳуқуқий экспертиза жараёнлари учун тегишли вазирликка киритилиши маълум қилинди.

Пенсия ёшини ошириш бўйича қандай таклифлар бор?
Журналистлар томонидан фуқаролар орасида, хусусан, пенсия ёшини оширишга қарши фикрлар ҳам мавжудлиги таъкидланиб, бундай таклифларнинг лойиҳа якуний вариантида қай даражада инобатга олиниши сўралди. Мутасаддилар бу масала бўйича ҳам турли таклифлар келиб тушаётганини билдирди. Жумладан, пенсия ёшини бирданига уч йилга ошириш ўрнига, мазкур жараённи босқичма-босқич амалга ошириш — ҳар йили уч ойдан ошириб бориш таклифи ҳам билдирилган. Қайд этилишича, бундай таклифлар ҳозирда ўрганилмоқда ва жамоатчилик муҳокамаси якунида уларнинг қайси бири қабул қилиниши ёки рад этилиши бўйича тегишли қарорлар шакллантирилади.

Пенсияни ҳисоблашда 20 йиллик иш стажи ҳисобга олиниши пенсия миқдорига қандай таъсир қилади?
Матбуот анжуманида пенсия ҳисоб-китобида фуқароларнинг иш стажини ҳисобга олиш муддати билан боғлиқ масала ҳам кўтарилди. Амалдаги ёндашувда фуқаронинг пенсиясини ҳисоблашда маълум даврдаги иш ҳақи ва меҳнат фаолияти кўрсаткичлари инобатга олинади. Таклиф этилаётган ўзгаришларда эса ҳисобга олинадиган даврни кенгайтириш назарда тутилмоқда. Савол берувчи томонидан бунда инфляция, иш ҳақларининг ўсиши ва мутахассиснинг иш стажи ортиши ҳисобга олинса, узоқроқ даврни — хусусан, 20 йиллик меҳнат фаолиятини ҳисобга олиш келгусида пенсия миқдорининг камайишига олиб келиши мумкинми, деган савол ўртага ташланди.
Шунингдек, «пенсия камаймайди» деган умумий жавобдан ташқари, жамоатчиликка аниқ статистик маълумотлар тақдим этилиши зарурлиги таъкидланди. Хусусан, янги тартиб жорий этилган тақдирда келгусида пенсияга чиқадиган фуқароларнинг қанча қисмида пенсия миқдори ошиши ёки камайиши мумкинлиги бўйича аниқ рақамлар эълон қилиниши масаласи кўтарилди. Мутасаддилар ушбу йўналишдаги таклиф ва саволлар ҳам ўрганилаётганини маълум қилди.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, пенсия тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа ҳозирча жамоатчилик муҳокамаси босқичида. Фуқаролар ва мутахассислар томонидан билдирилаётган таклифлар ўрганилиб, лойиҳа бўйича кейинги босқичларда тегишли ўзгартиришлар киритилиши ёки айрим таклифларни рад этиш асослари кўриб чиқилади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА