Яхши журналист бўлишга элтувчи мактаб
Ёш журналистлар моҳир устозларнинг ўзига хос услубини ўрганиш орқали тажриба орттиришлари, қолаверса, уларнинг хатолари ва муваффақиятларидан хулоса чиқаришлари мутахассисликка оид бир нечта китобни ўқишдан кўра фойдали бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси республика бўйлаб ташкил этаётган 35 та маҳорат мактаби мана шундай эзгу мақсадга хизмат қилиши кўзда тутилган. Жумладан, Тошкент шаҳрида Нозима Воҳидова, Назира Мамбетшарипова, Дилдора Рустамова, Хоразмда Рўзимбой Ҳасан, Жиззахда Сайёра Бўронова, Қашқадарёда Норбўта Бўтаев, Бухорода Лайло Ҳайитова каби таниқли журналистларнинг маҳорат мактаблари фаолият бошламоқда.
Бугун пойтахтимизда ана шундай касбий муваффақият сирларини ўргатувчи маҳорат мактаби «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти қошида ўзининг илк машғулотини ўтказди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сенатор, мазкур газеталар бош муҳаррири Ҳусан Эрматов Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетларида таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, таҳририятларда фаолият юритаётган ёш журналистлар билан мулоқот қилди.
Машғулот савол-жавоб ва фикр алмашувларга бой кечди. Суҳбат давомида яхши журналист бўлиш учун нималар зарурлиги, кузатувчанлик, савол бериш маданияти, нутқ устида ишлаш ва китобхонликнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Айниқса, савол бериш маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, мазмунли интервью олиш учун журналист суҳбатга олдиндан пухта тайёргарлик кўриши шарт. Шу боис, «Агар бирор тадбирга бораётган бўлсангиз, у ҳақда аввалдан тасаввурга эга бўлинг. Бирор инсон билан суҳбатлашмоқчи бўлсангиз, унинг ҳаёти, фаолияти ҳақида маълумот тўпланг, ўрганинг», – дея маслаҳат берди устоз журналист.
– Бугунги очиқ мулоқот соҳага бўлган қизиқишимни янада оширди, – дейди ЎзЖОКУ талабаси Отабек Қурбонбоев. – Устоз Ҳусан Эрматовнинг «Журналист жамиятда бўлаётган воқеаларни шарҳлайди, ёзади, гапиради. Бунинг учун, аввало, ўзи атрофида нима бўлаётганини яхши тушуниши, кўп ўқиши ва кузатиши лозим», деган гапларини ўзимнинг ҳозирги ҳолатим билан қиёсладим. Англадимки, яхши журналист бўлиш учун янада кўпроқ ўқиб, ўрганишим керак экан.

Учрашув якунида маҳорат мактабининг кейинги машғулотларида аниқ мавзулар ва йўналишлар бўйича мулоқотлар ўтказишга келишиб олинди.
ЎзА