Касбий таълим янги босқичда (+видео)
Хабарингиз бор, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига икки кунлик ташрифи амалга оширилди. Ташриф давомида ҳудуднинг саноат ва инвестиция салоҳияти, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар яқиндан танишилди.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бугун Андижон вилоятида касбий таълим тизимида янги бир босқич бошланмоқда. Олдинлари айрим ҳолларда касб йўналишларини ҳудуднинг эҳтиёжини етарлича чуқур таҳлил қилмасдан белгилаш ҳолатлари кузатилган бўлса, ҳозир бу борада ёндашув ўзгармоқда. Ҳокимликлар, тадбиркорлар ва иш берувчиларни бирлаштирган ҳолда алоҳида кенгашлар шакллантирилиб, ҳар бир ҳудуднинг драйвер соҳалари ўрганилмоқда. Шундан келиб чиқиб, қайси касбга қанча мутахассис кераклиги бўйича таклифлар шакллантирилиши йўлга қўйилган.
Ана шундай лойиҳалардан бири — Андижон Хуаня халқаро техникуми. Бу техникумнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — унинг Андижон туманидаги саноат ҳудудида жойлашгани. Яъни бу ерда асосий мақсад шунчаки ўқувчи тайёрлаш эмас, балки саноат корхоналарининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларга керакли мутахассисларни тайёрлашдир.
Бугун ёшларга фақат диплом беришнинг ўзи етарли эмас. Улар аниқ бир касбни эгаллаши, замонавий ускунада ишлай олиши ва иш берувчининг талабига жавоб бера олиши керак. Белгиланган энг катта вазифалардан бири бу — аҳолининг касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш ва 2030 йилгача бир миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш каби катта мақсадларни амалга оширишдир. Зеро, касб — шунчаки иш эмас. Касб — инсоннинг келажакка очадиган имкониятидир.
Муҳайё Турдалиева, Салимжон Обиджонов, ЎзА