“Ўзтрансгаз” АЖ: 65 та газ тақсимлаш станциясининг номлари давлат тили меъёрларига мувофиқлаштирилди
Мамлакатимизда давлат тилининг нуфузини юксалтириш, давлат тилида иш юритишни такомиллаштириш ҳамда расмий ҳужжатларни ягона тил меъёрлари асосида юритиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Ана шу мақсадда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш доирасида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларини ҳаётга изчил татбиқ этиш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий қилиш ва ҳужжат айланмасини рақамлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлат тилида иш юритиш нафақат қонунчилик талабларини бажариш, балки ташкилот фаолиятида очиқлик, тартиб-интизом ва ягона бошқарув маданиятини қарор топтиришнинг муҳим омилидир. Расмий ҳужжатларни давлат тилида юритиш уларнинг ҳуқуқий аниқлиги ва мазмунан яхлитлигини таъминлаш билан бирга, миллий қадриятларга ҳурматни юксалтириш, давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар учун ахборотнинг тушунарли ва очиқ бўлишига хизмат қилади. Шу боис, давлат тили талабларига қатъий риоя этиш ҳар бир ташкилотнинг корпоратив маданияти ва ижтимоий масъулиятини намоён этувчи муҳим мезонлардан биридир.
Бу борада, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг 2020 йил 27 январдаги 112-сон буйруғи қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан жамият ижроия аппарати, таркибий бўлинмалари ва ташкилотларида иш юритишни давлат тилида ташкил этиш ҳамда бу йўналишда раҳбарларнинг шахсий масъулияти белгилаб қўйилди.
Ушбу ишлар кейинги босқичда давлат тилини амалиётга янада кенгроқ татбиқ этиш чоралари билан давом эттирилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги қарори асосида қабул қилинган 44-сон буйруққа мувофиқ, жамият тизимида барча ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида юритишга босқичма-босқич ўтиш ишлари йўлга қўйилди.
Давлат тили талабларини иш муҳитида ҳам тўлиқ таъминлаш мақсадида 2022 йилда қабул қилинган 139-сон буйруқ асосида бинолар ва ҳудудлардаги кўргазмали тарғибот воситалари, ахборот матнлари, объектлар номлари, эълонлар ҳамда пешлавҳалар давлат тили меъёрлари асосида расмийлаштирилди.
Бу йўналишдаги ишлар газ инфратузилмаси объектларини ҳам қамраб олди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 мартдаги қарори ижроси доирасида жамият тасарруфидаги 65 та газ тақсимлаш станциясининг номлари давлат тили меъёрларига мувофиқлаштирилди.
Сўнгги йилларда давлат тилида иш юритишни рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ижроси доирасида ташкилотда қоғоз шаклидаги ҳужжат айланмасини босқичма-босқич қисқартириш ва тўлиқ электрон ҳужжат айланмасига ўтиш ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда барча хизмат ҳужжатлари “EDO.ijro.uz” идоралараро ягона электрон тизими орқали QR-код асосида электрон имзо билан расмийлаштирилмоқда ҳамда барча ҳужжатлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида юритилмоқда.
Амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятида давлат тили тўғрисидаги қонунчилик талабларини изчил таъминлаш, иш юритиш маданиятини юксалтириш, давлат тилининг амалий қўлланилишини кенгайтириш ва рақамли бошқарув тизимини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса давлат тилига бўлган ҳурмат ва масъулиятни янада мустаҳкамлаш, миллий қадриятларга садоқатни кучайтириш ҳамда корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Абдукарим УМАРОВ,
“Ўзтрансгаз” АЖ бошқаруви раисининг
маънавият ва давлат тили
масалалари бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА