Тўрткўлда ўқувчиларнинг ёзги таътили мазмунли ташкил этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Айни пайтда мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар ёзги таътилни мазмунли ўтказмоқда. Бу даврда ёшларнинг дам олишини тўғри ташкил этиш, шунингдек, мактабдан ташқари тўгаракларга жалб этилган болалар учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу мақсадда “Келажак” марказлари педагоглари ва тўгарак раҳбарлари олдига ёзги таътил давомида ўқувчиларни мусиқа, санъат, ижод, касб-ҳунар ва спорт тўгаракларига кенг жалб этиш вазифаси қўйилган.
Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Келажак” маркази ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамкорлигида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Нафақат марказ биносида, балки туманнинг чекка ҳудудларидаги умумтаълим мактабларида ҳам “Соғломлаштириш майдончалари” ташкил этилган.
[gallery-30308]
“Долзарб 90 кунлик” дастури доирасида “Ментал арифметика”, “Юмшоқ ўйинчоқ”, “Тўқиш”, “Либослар дизайни”, “Мунчоқли безак”, “Компьютер муҳандислиги”, “Инглиз тили”, “Тасвирий санъат”, “Шахмат-шашка”, “Ёш дурадгор”, “Оила ҳамшираси”, “Ёш конструктор” каби тўгаракларда ҳар бир мавсумда 500 нафарга яқин ўқувчи машғулот олиб бормоқда.
Бундан ташқари, тўгарак тарбияланувчиларининг қобилиятини ривожлантириш, улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш ва баркамол авлод тарбиясига хизмат қилиш мақсадида ижодий кўрик-танловлар, санъат фестиваллари, қизиқарли викторина ва заковат ўйинлари, шунингдек, спорт мусобақалари мунтазам ташкил этилмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА