Боғдан бозорга, бозордан экспортга — Олтиариқ узуми
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани азалдан узумчилик ривож топган, бу борада ўзига хос мактаб яратган ҳудуд сифатида эътироф этилади. Бу ерда етиштирилаётган ширин ва хуштаъм узум навлари бугун нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам юксак қадрланмоқда.
Айниқса, эртапишар узум ҳосили пишиб етилиши билан экспорт мавсумига старт берилади. Олтиариқлик боғбонлар етиштирган маҳсулотлар Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Украина ва Польша каби давлатлар бозорларига мунтазам етказиб берилмоқда. Бу эса маҳаллий маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигига берилган юксак баҳодир.
Туманнинг Чордара маҳалласида яшовчи тажрибали боғбон Ҳасанбой Маматқулов хонадонидаги ихчам узумзор ҳам баракали меҳнат самараси билан ажралиб туради. Узумзорда парваришланган машҳур “Ризамат ота” нави тўлиқ пишиб етилган бўлиб, ҳосил экспортга тайёрланмоқда.
[gallery-30305]
— Бу узумни бутун оиламиз меҳр билан парвариш қилди. Ҳосилимиз баракали бўлди. Илк партияни қозоғистонлик ҳамкорларимизга юборишни режалаштирганмиз. Меҳнатимиз самараси хорижлик харидорларга ҳам манзур бўлаётганидан мамнунмиз, - дейди Ҳасанбой Маматқулов.
Бугун Олтиариқда узумчилик нафақат қадимий анъана, балки экспорт салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишга хизмат қилаётган муҳим тармоққа айланиб бормоқда. Юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар эса “Олтиариқ узуми” брендининг халқаро бозордаги нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА