Ўзбекистонлик божхоначи Жаҳон божхона ташкилоти эксперти мақомини олди
Ўзбекистон божхона тизими учун яна бир муҳим ютуқ қайд этилди. Божхона қўмитаси ходими Нурбек Қурбонов Жаҳон божхона ташкилотининг (ЖБТ) халқаро эксперти сифатида аккредитациядан муваффақиятли ўтди.
Жаҳон божхона ташкилоти томонидан 2026 йил 8–12 июнь кунлари Бельгия Қироллигининг Брюссель шаҳрида Самарадорликни баҳолаш механизмлари (Performance Measurement Mechanisms) йўналиши бўйича дастлабки аккредитация семинари ташкил этилди.
Мазкур нуфузли тадбирда ташкилотга аъзо 187 та давлатдан номзодлар иштирок этиш истагини билдирган бўлса, улар орасидан фақат 12 нафар мутахассис саралаб олинди. Қувонарлиси, ушбу сараланган иштирокчилар қаторида Божхона қўмитаси Стратегик режалаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш бошқармаси катта инспектори Нурбек Қурбонов ҳам ўрин олди.
Семинар якунида у барча талаб ва синовларни муваффақиятли бажариб, Жаҳон божхона ташкилотининг расмий эксперти сифатида аккредитациядан ўтди.
Эндиликда ушбу мақом Нурбек Қурбоновга ЖБТ томонидан ташкил этиладиган халқаро миссиялар, техник кўмак лойиҳалари, мониторинг ва баҳолаш тадбирларида халқаро эксперт сифатида иштирок этиш имконини беради.
Бу ютуқ Ўзбекистон божхона органлари нуфузининг халқаро майдонда тобора ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди. Шу тариқа, Жаҳон божхона ташкилоти эксперти мақомини олган миллий мутахассисларимиз сони яна биттага кўпайиб, мамлакатимиз вакилларининг халқаро экспертлар корпусидаги ўрни янада мустаҳкамланди.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда Божхона қўмитасининг яна бир ходими — Шерзод Ниёзов ҳам Жаҳон божхона ташкилотининг Хавфларни бошқариш йўналиши бўйича эксперти сифатида аккредитациядан ўтган эди.
Ушбу натижалар мамлакатимизда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кадрлар салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётганидан далолат.
Ш.Маматуропова, ЎзА