Ўзбекистонда технологик дипломатияни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Tech Diplomacy Asia» халқаро симпозиуми бўлиб ўтди.
Ташқи ишлар вазирлиги ва Технологик дипломатия глобал институти (TDGI) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир Технологик дипломатия бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилинганининг бир йиллигига бағишланди.

Мазкур декларация 2025 йил 1 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференцияси доирасида имзоланган бўлиб, ўз йўналишидаги дунёдаги илк ҳужжат ҳисобланади. Симпозиумда ўтган бир йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди, шунингдек, Марказий Осиё ва Осиё-Тинч океани минтақаларида технологик дипломатия салоҳиятини биргаликда ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Алиев, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл сўзга чиқди. Шундан сўнг Технологик дипломатия глобал институти асосчиси ва президенти Аюми Мур Аоки симпозиумнинг асосий мавзуси юзасидан тақдимот ўтказди.
Давра суҳбатларида ташкил этилган муҳокамаларда давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, илмий доиралар, бизнес вакиллари, фуқаролик жамияти ҳамда ёшлардан иборат 25 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.
Суҳбатлар давомида минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, технологик дипломатия имкониятларидан самарали фойдаланиш ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Тадбир мамлакатлар ўртасида технологиялар соҳасидаги мулоқотни кенгайтириш, умумий мақсадлар йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳамда янги ҳамкорлик ташаббусларини илгари суриш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА