Сирдарёлик пахтакорлар зафар қучди
Сирдарё вилояти пахтакорлари жорий йилда пахта етиштириш бўйича белгиланган режани ошиғи билан бажарди. Бу натижа, аввало, йил давомидаги машаққатли меҳнат, ердан оқилона фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар самарасидир. Айни пайтда далаларда пахта мўл бўлиб, уни йиғиб-териб олиш ишлари давом этмоқда.
Жорий йилда вилоят бўйича 75,2 минг гектар майдонга пахта чигити экилди. Шундан 50 минг гектарида, яъни экин майдонларининг 66,5 фоизида қўшқатор, 25,2 минг гектарида ёки 33,5 фоизида яккақатор экиш усули қўлланилди. Бу жараёнда ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити, сув таъминоти ва экинларни парваришлаш имкониятларини инобатга олган ҳолда иш ташкил этилди.

Пахта майдонларининг асосий қисмида ташқи муҳит таъсирига чидамли хорижий навлар парваришланди. Навларни танлашда уларнинг зараркунандаларга, қурғоқчиликка ва тупроқ шўрланишига чидамлилигига алоҳида эътибор қаратилди.

Пахта терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган ҳосилни ўз вақтида йиғиб олиш ва нобудгарчиликнинг олдини олиш мақсадида зарур ташкилий чоралар кўрилди. Жумладан, 260 та терим отряди шакллантирилиб, 310 та пахта териш машинаси жалб этилди. Теримчиларни ташиш учун 471 та транспорт воситаси, пахтани ташиш учун 648 та транспорт воситаси ва 1 285 та тиркама сафарбар қилинди.
– Вилоят бўйича ҳар гектардан ўртача 51,8 центнер ҳосил олиш белгиланган бўлиб, 390 минг 504 тонна пахта етиштириш режаси бажарилди. Айрим фермер хўжаликларида эса ҳосилдорлик вилоятнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқори бўлди. Бу, албатта, ерга меҳр билан ёндашиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ва ишни тўғри ташкил этишнинг самарасидир, – дейди Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Аброр Хидиров.



Эришилган натижалар вилоятда пахта етиштириш бўйича белгиланган режа бажарилганини тасдиқлайди. Бироқ режанинг уддалангани терим мавсуми якунланганини англатмайди. Далаларда ҳали йиғиб олиниши лозим бўлган пахта мўл, шу боис терим ишларини изчил давом эттириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
– Вилоят бўйича белгиланган режа бажарилди. Шунга қарамай, далаларда ҳали пахта кўп. Айни пайтда ҳосилни йиғиб олиш ишлари давом этмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, 190 та фермер хўжалигида 10,5 минг гектар майдонда биринчи терим, 107 та фермер хўжалигида эса 3,3 минг гектар майдонда иккинчи терим ишлари якунланмаган. Эндиги асосий вазифа – далалардаги ҳосилни нобудгарчиликка йўл қўймасдан, тўлиқ йиғиб олиш, – дейди Аброр Хидиров.
Бунинг учун терим жараёнини самарали ташкил этиш, техника ва транспорт воситаларидан унумли фойдаланиш, ҳосилни ўз вақтида қабул қилиш ва ташиш ишларини мувофиқлаштириш муҳим. Айниқса, об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда терим суръатини сақлаб қолиш ва далалардаги пахтанинг нобуд бўлишига йўл қўймаслик талаб этилади.

Сирдарёлик пахтакорлар учун режанинг бажарилиши марра эмас, балки янада юксак натижалар сари ташланган муҳим қадам. Зеро, далаларда ҳали мўл ҳосил бор. Энди ҳар бир чаноқдаги пахтани нобудгарчиликсиз йиғиб олиш, йил бўйи қилинган меҳнатни қадрли натижага айлантириш вақтидир. Чунки деҳқон меҳнатининг ҳақиқий самараси нафақат етиштирилган ҳосилда, балки унинг ҳар бир толаси нест-нобуд бўлмай, эл дастурхони ва юрт фаровонлигига хизмат қилишида намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири