Мулк ҳуқуқи — оила хотиржамлиги кафолати
Уй-жой бор, унда оила йиллар давомида яшайди, фарзандлар улғаяди. Аммо биргина ҳужжатнинг етишмаслиги хонадон билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларни мураккаблаштириши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Қонуни ана шундай муаммоларни қонуний ҳал этиш имконини бермоқда.
Сирдарё вилоятида ер участкалари ва кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш, уларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш ишлари давом этмоқда. 2026 йил 8 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда 69 208 та объект хатловдан ўтказилиб, уларнинг 22 378 таси «Эътироф» автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. 8 188 та объект бўйича эса мулк ҳуқуқи эътироф этилган.
— Бу рақамлар замирида ўз уйининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилишини кутаётган минглаб фуқароларнинг манфаатлари мужассам. Мулк ҳуқуқининг қонуний эътироф этилиши оилаларга мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, келажак режаларини ишонч билан белгилаш ва кўчмас мулкка оид ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этиш имконини беради, — дейди Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси бино-иншоот шўбаси бошлиғи Шерзод Алимов.
Бироқ ҳуқуқни эътироф этиш жараённинг якуни эмас. Ҳуқуқи эътироф этилган 8 188 та объектдан 1 300 таси давлат рўйхатидан ўтказилган, 6 888 таси бўйича эса бу жараён ҳали якунланмаган. Давлат рўйхатидан ўтказиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат реестрида қайд этиш ва унинг ҳуқуқий мақомини расмийлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу айниқса, келгусида мулкни сотиш, ҳадя қилиш ёки мерос қилиб қолдириш каби жараёнларда ҳуқуқий аниқликни таъминлайди. Шу боис ҳуқуқи эътироф этилган фуқаролар давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ расмийлаштириш ишларини ҳам ўз вақтида якунлашлари зарур.
— Сирдарёда олиб борилаётган ишлардан кўзланган мақсад шунчаки объектларни хатловдан ўтказиш эмас, балки фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини қонуний таъминлаш, ҳуқуқий ноаниқликларга барҳам бериш ва оилалар хотиржамлигини мустаҳкамлашдир, — деди Шерзод Алимов.
Зеро, уй — инсон учун шунчаки бино эмас. У оила қўним топган маскан, фарзандлар камол топадиган муҳит ва йиллар давомидаги меҳнат самарасидир. Унга бўлган ҳуқуқнинг қонуний расмийлаштирилиши эса ҳар бир оиланинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири