Ўзбекистон ва Хитой нефть-газ соҳасида стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Нефть-газ сектори ҳар қандай давлат учун иқтисодий ривожланиш ва энергетик хавфсизликнинг муҳим устуни ҳисобланади.
Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, геология-қидирув ишлари, бурғилаш жараёнлари ва янги қудуқларни фаол ривожлантириш натижасида мамлакатнинг углеводород захираларини аниқлаш ва самарали фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда.
Хусусан, халқаро ҳамкорлик ва замонавий технологияларни жорий қилиш қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Хитойнинг йирик “CNPC” корпорацияси ўртасида муҳим келишувларга эришилиши ҳам шундан саъй-ҳаракатлар натижасидир. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ геология-қидирув ишлари ва қудуқларни бурғилаш бўйича кўлами жиҳатидан тарихий аҳамиятга эга бўлган кенг қамровли дастурни амалга оширишга киришмоқда. Бу дастур жамият ресурс базасини кенгайтириш ва энергетик хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Хитой Халқ Республикасига қилган хизмат сафари доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги делегация ва “CNPC” корпорацияси директорлар кенгаши раиси Дэй Хоулян ўртасида ўтказилган учрашувда айнан шу масалаларга урғу берилди. Шунингдек, унда нефть-газ соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, янги йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ муддатли келишувларга эришиш масалалари муҳокама қилинди.

Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жорий йилида камида 6 500 квадрат километр майдонда 3D сейсмик тадқиқотлар ўтказиш ва турли чуқурликдаги қудуқларни бурғилаш режалари маълум қилинди. Илк бор бундай кенг кўламли ишлар комплекс тарзда, бир вақтнинг ўзида бир нечта янги блокларда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Музокаралар чоғида “CNPC” гуруҳига кирувчи компаниялар билан қатор йирик шартномаларни имзолаш режалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар бурғилаш қурилмалари, бутловчи қисмлар, қувурлар каби технологик ускуналарни харид қилиш, шунингдек, углеводород қазиб олиш соҳасида тажриба алмашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Қайд этилганидек, "CNPC" таркибидаги "Kunlun Digital Technology" компанияси билан рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш, чуқур бурғилаш ва 3D сейсмик қидирув йўналишларида "XIBU", "BGP" (Bi-Ji-Pi), "CNLC" билан ҳамкорлик амалий аҳамият касб этади.
Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу учрашув якунида томонлар эришилган келишувлар компаниялар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. Шунингдек, Ўзбекистон-Хитой стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА