Жамият тараққиёти шижоатли ёшлар қўлида
Пойтахтимизда Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч тузилмаларида фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда хотин-қизларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ва етакчи хотин-қизлар иштирокида янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар “Қизлар академияси” лойиҳаси билан танишиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик йўл харитасини ишлаб чиқиш ва истиқболли ташаббусларни биргаликда амалга оширишга келишиб олдилар.

Шунингдек, ёшларнинг замонавий касбларга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий салоҳияти ва амалий кўникмаларини намоён этиш мақсадида “Замонавий касблар” танловининг Сергели тумани босқичи бўлиб ўтди.
Танлов 3 та йўналишда, жумладан, “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши график дизайн” ҳамда ️“Энг яхши мобилография иши” бўйича ташкил этилди.

Танлов давомида иштирокчилар ўз билим ва маҳоратларини намойиш этиб, замонавий технологиялар асосида яратилган ишлари, креатив ғоялари ҳамда амалий ечимлари билан ўзаро беллашдилар.

Якунга кўра, ғолиблар эсдалик совғалари ва дипломлар билан тақдирланди. Ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўрин соҳиблари эса танловнинг шаҳар босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритдилар.
Гулноза Бобоева,ЎзА