Суд-ҳуқуқ тизимида Япония билан ҳамкорлик қилинади
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Япониянинг Айти префектураси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Замонавий дунёда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва рақамли иқтисодиёт талабларига мос келадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳар бир давлатнинг стратегик устувор вазифаларидан биридир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлар даврида халқаро тажрибани ўрганиш ва илғор хорижий моделларни миллий тизимга интеграция қилиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу борада Осиёнинг етакчи ривожланган давлатларидан бири бўлган Япония билан ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди.

Ташриф доирасида ўтказилган учрашувда ўзаро алоқаларни ривожлантириш, тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, мулоқотда илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш жараёнларида фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди. Мазкур учрашув ўзаро мулоқотни давом эттириш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш учун имконият яратди.
Г.Бобоева,ЎзА