Ўзбекистон корхоналари халқаро мукофотни қўлга киритди
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилояти, Чўлпонота шаҳрида маҳсулот ва хизматлар сифати соҳасида эришилган ютуқлар учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мукофоти ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Нуфузли танловда Ўзбекистоннинг олтита корхонаси муносиб иштирок этиб, улардан бири лауреат, бештаси эса дипломант сифатида эътироф этилди.
Мазкур танлов МДҲ мамлакатларида сифат менежменти тизимини ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, халқаро стандартларни кенг жорий этиш ҳамда илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ҳар икки йилда бир марта ўтказилади.
Жорий йилги танловда Беларусь, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондан жами 27 та корхона иштирок этди. Баҳолаш якунларига кўра, уларнинг 25 таси МДҲ мукофотининг лауреати ва дипломанти деган юксак мақомга сазовор бўлди.

Танловда Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб иштирок этди. Хусусан, Самарқанд вилояти Ургут туманида фаолият юритувчи «SAM-FERRE» масъулияти чекланган жамияти МДҲ сифат мукофоти лауреати деб топилди.
Шунингдек, «TOSHELECTROAPPARAT» акциядорлик жамияти, «KHANTEX-GROUP», «ADM JIZZAKH», «PROMEAT GROUP CORP» ҳамда «Ferghana France» масъулияти чекланган жамиятлари танловнинг дипломантлари сифатида эътироф этилди.
Тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги делегацияси мамлакатимизда халқаро стандартларни кенг жорий этиш, сифат инфратузилмасини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бераётганини таъкидлади.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон корхоналарининг совриндорлар сафидан ўрин олиши мамлакатимизда маҳсулот ва хизматлар сифатига қўйилаётган талаблар тобора юксалиб бораётганидан далолат беради. Бу эса миллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» брендининг нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мазкур ютуқ мамлакатимизда сифат соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳамда ишлаб чиқариш маданиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий натижаси сифатида эътироф этилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА