Академия курсанти инсон ҳаётини сақлаб қолди
Ички ишлар органлари ходими ҳар қандай вазиятда ҳушёрлик, тезкорлик ва масъулият билан ҳаракат қилиши лозим. Айниқса, инсон ҳаёти билан боғлиқ ҳолатда тўғри қарор қабул қилиш ва фидойилик кўрсатиш касбий тайёргарликнинг муҳим мезони саналади.
Пойтахтимизнинг Учтепа туманида юз берган воқеа ИИВ академиясида таҳсил олаётган курсантлар ана шундай масъулиятли вазифаларга ҳар томонлама тайёрланаётганини амалда намоён этди.
Айни кунларда “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида жойларда кучайтирилган тартибда тадбирлар олиб борилмоқда. Уларда ИИВ академияси курсантлари ҳам жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган вазифаларни бажармоқда. Ёшлар хизмат жараёнида зиммаларидаги вазифаларга юксак масъулият билан ёндашиб, ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ана шундай тадбирларга жалб қилинган Академия курсанти Давлатжон Хайруллаев ҳам кутилмаган вазиятда ўзини йўқотмади. У ҳушёрлиги ва қатъияти билан бир инсон ҳаётини сақлаб қолди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 июль куни тахминан соат 16:30 ларда 26 ёшли фуқаро А.С. “Бўзсув” каналининг туман ҳокимлиги яқинидан оқиб ўтувчи қисмида ўзини сувга ташлаган. Бу ҳақда хабар келиб тушгани заҳоти курсант унга мураббий этиб бириктирилган патруль-пост хизмати ходими билан бирга воқеа жойига етиб борган. Ҳолатга тезкор баҳо берилиб, фуқарони сувдан олиб чиқиш чоралари кўрилган.
– Ўша куни Учтепа тумани ҳокимлигида сайёр қабул ўтказилаётган эди. Биз жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган эдик. Фуқаро ўзини сувга ташлагани ҳақида хабар берилди. Мураббийим билан дарҳол воқеа жойига бордик. Уни сувдан олиб чиқиб, зарур ёрдам кўрсатдик ва тез тиббий ёрдам ходимларини чақирдик, – дейди Давлатжон Хайруллаев.
Қутқарилган фуқаронинг аҳволи яхши. Айни вақтда у шифокорлар назоратида.
Давлатжон Хайруллаевнинг дадил ҳаракати унинг хизматга пухта тайёргарлик кўрганини, кутилмаган вазиятда тез ва тўғри қарор қабул қила олишини кўрсатди. Бу каби фазилатлар ички ишлар органлари ходими учун энг муҳим касбий талаблардан бири ҳисобланади.
Энг муҳими, ўз вақтида кўрсатилган ёрдам туфайли бир инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди.
ЎзА