Мўғулистондан келтирилган қўйлар бизни иқлимга мос келди (+видео)
Чорвачиликда наслни яхшилаш– бу чорвадор меҳнати, вақтини ва маблағини тежаш демакдир. Самара тез кўринади. Соҳада қилинган ўзгариш эса, мамлакат бозорларида, гўшт расталаридаги нархларда ўз аксини топади.
Олинган маълумотларга кўра, бугун пойтахт бозорларида қўй гўшти 90-120 минг сўмгача сотилмоқда.Чорвадорлар бу йил мавсум яхши келганини таъкидлашяпти.
“Ёғингарчилик ҳам мўл бўлди. Яйловларда ҳамон ҳашак, ўт-ўланлар бор. Албатта гўшт нархларининг шу кўринишда сақлаб қолинса ҳам соҳадаги ислоҳотлар бўй кўрсатган бўларди” - дейди улар.
Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани кенгликларида ҳам баҳор мавсуми яхши келди. Яйловлар яшилликка бурканди. Чорвадорлар қўй-қўзиларни кўпайтиришга астойдил киришдилар. Шу билан бирга майда шохлиларнинг наслини яхшилаш масаласи ҳам назардан четда қолмади.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 24-25 июнь кунлари Мўғулистонга қилган тарихий давлат ташрифлари чоғида эришилган келишувлар доирасида Ўзбекистонга майда шохли молларни олиб келиш ва маҳаллий шароитда наслчилик-селекция ишларини йўлга қўйиш вазифаси белгилаб берилганди. Август ойида Яккабоғ туманига Мўғулистондан 2030 бош “баят” зотли қўйлар келтирилди.
- Яхши натижаларга эришдик, - дейди Яккабоғ тумани ветеринария ва чорвачилик бўлими ветврачи Нурали Жўраев. – Ҳозирда булардан олинган қўзиларнинг бош сони 1450 тага етди. Ўзимизнинг маҳаллий зотлар билан чатиштирдик. Мўғулистондан олиб келинган қўчқорлардан ҳам насл олдик. Уларнинг қўйларидан ҳам яхши насл олса бўларкан. Ҳамма шароитларни қилдик. Ҳаво айлантиргичлар ишлаб турибди.
Туман ветеринария ва чорвачилик бўлими мутахассислари назорати остида парвариш қилинган қўйлар маҳаллий “ҳисори”, “арашан”, “эдильбай” зотли қўйлар билан чатиштирилди. Натижада бироз жуссаси каттароқ, соғлом, иссиққа ва совуққа чидамли барқарор насл олишга эришилди. Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, тез ўсувчи ва юқори вазн оладиган ушбу қўйлар яхши парвариш қилинса 35-50 килограммгача вазн олиши мумкин.
Ҳозирда мазкур “баят” зотли қўйлар саноат усулида кўпайтириш босқичида. Ветеринар мутахассислар тавсиясига кўра уларнинг озуқасига макка, буғдой, кунгабоқар уруғи ва пояси, шрот, беда, кепак маҳсулотлари киритилган бўлиб, макро ва микро элементлар билан бойитиб берилмоқда. Зеро, 2029 йил якунига қадар мамлакатимизнинг турли ҳудудларида саноат усулида кўпайтириш орқали уларнинг сонини 1 млн бошга етказиш режа қилинган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gOne_PBW_M8" title="Mo‘g‘ulistondan keltirilgan qo‘ylar bizni iqlimga moskeldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Жамшид Норқобилов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА