Ўзбекистон – Корея: аграр соҳада янги лойиҳаларга старт берилади
Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва замонавий билимларга эга кадрлар тайёрлаш бўйича янги ҳамкорлик лойиҳалари белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида аграр соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, Корея қишлоқ ҳудудлари корпорациясининг (KRC) Глобал лойиҳалар офиси бош директори Квон Юнг-Жун билан музокараларда Ўзбекистон–KRC ишчи гуруҳини ташкил этишга келишилди. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва “ақлли” чорвачиликни ривожлантириш бўйича грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди. Томонлар ўртасида Англашув меморандуми алмашилди.
Иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. “Яшил иқлим жамғармаси” (GCF)нинг Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ минтақаси департаменти директори Томас Эриксон билан аграр соҳада иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш учун Жамғарманинг грант маблағларини жалб қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Замонавий иссиқхона мажмуаларини ташкил этиш бўйича ҳам аниқ режалар белгиланди. “KIDL Co., Ltd.” компанияси раҳбари Ким Жэ Ён билан Хоразм ва Тошкент вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати муҳокама қилиниб, уларни жадаллаштириш чоралари белгилаб олинди.
Ҳамкорлик экспорт йўналишини ҳам қамраб олади. “Sungshin L&P, Inc.” компаниясининг халқаро маркетинг департаменти директори Эрик Шин билан Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини Корея бозорига экспорт қилиш, шунингдек, денгиз маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича Кореянинг илғор технологияларини Ўзбекистонга олиб кириш масалалари келишиб олинди.
Аграр соҳада кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Dankook International Cooperation on Agriculture” компанияси президенти Ли Дон Жин билан замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида узоқ ва қисқа муддатли ўқув курслари ҳамда қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик битими алмашилди.
Шу тариқа, Ўзбекистон–Корея аграр ҳамкорлиги фақат инвестиция ва технологиялар билан чекланиб қолмай, сув тежамкорлиги, иқлимга мослашув, замонавий иссиқхона хўжалиги, экспорт, озиқ-овқат саноати ва кадрлар тайёрлаш каби муҳим йўналишларни қамраб олмоқда.
Янги келишувлар қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва соҳанинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА