Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтларини бирлаштирган мулоқот майдони
Самарқанд шаҳрида “Демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти: Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси” мавзусида Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми бўлиб ўтди.
Халқаро демократия куни муносабати билан ташкил этилган тадбир Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази ташаббуси билан БМТ ҳамда мазкур ташкилот Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, “Юксалиш” ҳаракати, Прогрессив ислоҳотлар маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон аёллар ва қизлар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилди.
[gallery-31478]
Форум АҚШ, Канада, Бельгия, Буюк Британия, Венгрия, Германия, Испания, Франция, Швеция, Туркия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларидаги ақл марказларидан ташриф буюрган халқаро экспертлар, шунингдек, мамлакатимиздаги жамоат тузилмалари, илмий-тадқиқот институтлари, давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари – 200 нафарга яқин мутахассисни бир даврага жамлади.
Халқаро анжуманнинг очилиш сессиясида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази директори Азамат Пардаев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Маҳл хоним, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Антти Карттунен, Олий Мажлис Сенатининг халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Агзамхўжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова форумнинг мақсади ва ундан кутилаётган натижалар, бугунги кунда дунё мамлакатлари, хусусан Марказий Осиё давлатларидаги демократик ривожланиш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни тобора ошиб бораётганини таъкидладилар.
– Ҳар йили Халқаро демократия куни доирасида демократиянинг замонавий ривожланиш тенденциялари ва долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилади, – деди Азамат Пардаев. – 2026 йилда мазкур сана “Инсон ҳуқуқларини диққат марказига олиб чиқиш” мавзуси остида ўтказилмоқда. Шундан келиб чиқиб, бугунги форумда ҳам асосий эътибор фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқларини, хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятига қаратилмоқда. Ушбу йўналишда хорижий мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари тажрибаси юзасидан ўзаро фикр ва тажриба алмашиш кўзда тутилган.
Халқаро экспертлар фикрига кўра, бугунги кунда жаҳонда кузатилаётган геосиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, иқлим ўзгариши, миграция жараёнлари, ахборот маконида ишончли ахборотни таъминлаш билан боғлиқ масалалар давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот ҳамда ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Бундай шароитда демократик тараққиётни таъминлаш, ижтимоий барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳолининг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Мазкур жараёнларда фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини таъминлаш, инсон манфаатларини илгари суриш, аҳоли фикрини давлат органларига етказишда муҳим ўрин тутмоқда.
Шу маънода, замонавий демократик тараққиёт давлат бошқаруви органларининг очиқ ва ҳисобдор фаолияти, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ташаббускорлиги ҳамда фаол иштироки билан узвий боғлиқ.
– Демократия одамларни тинглаш, ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда фуқароларга уларнинг ҳаётини белгилайдиган қарорларни қабул қилиш жараёнида ҳақиқий овоз ва иштирок имкониятини бериш амалиёти ҳисобланади, – дейди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Антти Карттунен. – ЕХҲТ нуқтаи назаридан фуқаролик жамияти хавфсизликнинг ҳам муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Хавфсизлик фақат низоларнинг олдини олиш эмас, балки инсонлар ўзларини ташвишга солаётган масалаларни эркин кўтариши, қарорларда иштирок этиши ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилиши мумкин бўлган жамиятни барпо этишни ҳам англатади. Фуқаролар ва давлат институтлари ўртасидаги ишонч, мулоқот ва жамиятнинг турли қийинчиликларга бардошлилиги муҳим аҳамиятга эга. Кучли фуқаролик жамияти давлатни заифлаштирмайди, аксинча, фуқаролар тажрибасини давлат муассасалари фаолиятига олиб кириш, конструктив назорат ва ҳисобдорликни таъминлаш ҳамда ҳукуматларни халқ билан доимий алоқада бўлишга кўмаклашиш орқали уни мустаҳкамлайди.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларида давлат бошқарувини модернизация қилиш, жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, инсон манфаатларини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш борасида муайян тажрибалар шаклланди.
– Демократик давлатни фақат қонунлар, институтлар ёки сайлов тизими билан тасаввур қилиб бўлмайди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Гулруҳ Агзамова. – Демократиянинг ҳаётийлиги фуқароларнинг эркин фикр билдириши, давлат ишларида иштирок этиши, жамоат ташкилотларининг мустақил ташаббуси ва самарали жамоатчилик назорати билан белгиланади. Фуқаролик жамияти институтлари эса давлат ва жамият ўртасидаги муҳим кўприкдир. Фуқаролик жамияти институтлари мустақил ва таъсирчан бўлиши учун уларнинг ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш зарур. Жамоатчилик назорати аниқ натижа бериши, фуқаролар ташаббуси эшитилиши ва жамоатчилик фикри қарорлар қабул қилиш жараёнига таъсир кўрсатиши лозим. Кучли парламент ҳам жамиятдаги турли қараш ва манфаатларни ифода этиб, фуқаролик жамияти билан доимий мулоқот қилиши керак. Марказий Осиё давлатлари фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўзига хос моделларини шакллантирмоқда. Бироқ умумий мақсадлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, давлат бошқарувининг очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишдир. Фаол фуқаро, таъсирчан жамоатчилик ва масъулиятли фуқаролик жамияти демократик тараққиётнинг муҳим шартидир.
Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш борасида илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Хусусан, “яшил” энергетика соҳасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурслардан оқилона фойдаланиш, Оролбўйидаги экологик муаммолар ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни кучайтириш Ўзбекистон минтақавий сиёсатининг муҳим устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, ҳар бир мамлакатда мазкур йўналишларни амалга ошириш ўзига хос тарихий, миллий ва институционал хусусиятларга эга. Бу эса минтақада ўзаро тажриба алмашиш, умумий ёндашувларни муҳокама қилиш ва илғор амалиётларни кенг татбиқ этиш учун муҳим асос яратади.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибасини қиёсий ўрганиш, демократик тараққиётнинг умумий тенденцияларини аниқлаш, мавжуд масалаларни таҳлил қилиш ва истиқболли вазифаларни белгилаш форум муҳокамаларининг муҳим йўналишларидан бири бўлди.
Очилиш маросимидан сўнг форум ўз ишини “Халқчил бошқарув ва ижтимоий шериклик: ислоҳотларни амалга оширишнинг замонавий механизмлари”, “Инсон манфаатлари ва фаровонлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли”, “Янги Ўзбекистон – Марказий Осиёда умумий тараққиёт ва яхши қўшничилик драйвери” мавзуларига бағишланган учта сессияда давом эттирди ва бу сессияларда элликка яқин маъруза тингланди.
Сессиялар доирасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларида фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлар ва ННТлар тармоқларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, минтақада фуқаролик жамияти институтлари учун доимий мулоқот платформаларини ривожлантириш, ижтимоий инновациялар ҳамда самарали ННТ амалиётларини оммалаштириш бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Жумладан, Қозоғистоннинг “Ерменсай” жамоат бирлашмаси раҳбари Людмила Сенгирбаева мамлакатида маҳаллий ижтимоий муаммоларни ҳал этишда “давлат – фуқаролик жамияти – маҳаллий ўзини ўзи бошқариш” уч босқичли модели шаклланганини ўртоқлашди.
Унда асосий ёндашув анъанавий маъмурий бошқарувдан фуқаролар ва ННТларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб этувчи иштирокчи бошқарувга ўтишга қаратилганини билдирилди. Таъкидлашича, бу ҳамкорлик Фуқаролик форуми, вазирлик ва ҳокимликлар ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда жамоатчилик назорати институти орқали амалга оширилади. Жамоатчилик кенгашлари таркибининг камида 70 фоизини жамоатчилик вакиллари ташкил этиши фуқаролар овозини қарорларга олиб киришга хизмат қилади.
Тожикистоннинг “Иқтидор” жамоатчилик ташкилоти бошқарув Кенгаши аъзоси Нодира Раҳмонбердиева жамоатчилик мониторингини давлат ва аҳоли ўртасидаги самарали қайта алоқа механизми сифатида эътироф этди. Хусусан, жамоатчилик мониторинги давлат ва аҳоли ўртасидаги самарали қайта алоқа механизми сифатида муаммони аниқлашдан тортиб маълумот тўплаш, фактни текшириш, таҳлил, тавсия, давлат билан мулоқот ва тавсиялар ижросини қайта кузатишгача бўлган тўлиқ жараённи қамраб олиши кераклиги ҳақидаги фикрни илгари сурди.
Таъкидлаш ўринлики, тадбирда иштирок этган хорижлик экспертлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот механизмларини такомиллаштириш ҳамда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида қайд этдилар.
Форум глобал миқёсда демократик институтлар олдида янги чақириқлар юзага келаётган бир шароитда Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини яна бир бор намоён этди.
Форум якунларига кўра, Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ва минтақавий мулоқотни ривожлантиришга қаратилган резолюция қабул қилинди.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари