Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятлар кўриб чиқилди
Маълумки, мамлакатимизда Бизнес-омбудсман давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги муаммоларни ҳал қилиш, бизнес вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш билан шуғулланувчи мустақил институт сифатида ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Мазкур институт тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва соҳадаги ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш йўлида кенг қамровли вазифаларни амалга оширади.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки директорининг ўринбосари Асаф Ширман билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида қулай инвестиция муҳитини мустаҳкамлаш, хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбатда тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш, бизнесдаги текширувлар мониторинги, тизимли муаммоларни ҳал этиш ҳамда қонунчилик ташаббуслари ҳақида фикр юритилди.

Шунингдек, ОИИБ вакиллари «Бизнесда ҳалоллик» форумига меҳмон сифатида таклиф этилди.
Мулоқот якунида инвесторлар учун Бизнес-омбудсман ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида онлайн учрашувлар ташкил этиш, ахборот қўлланмаларини тарқатиш ҳамда консультатив қабуллар ўтказишга келишилди.
***
Шунингдек, Бектемир тумани ҳокими Нурилла Абдураҳмонов, Бизнес-омбудсман девони шуъба мудири Гулжамол Шукурова, Бизнес-омбудсман девонининг Тошкент шаҳар шуъба мудири Фарҳод Аҳмедов ҳамда туман прокурори Жамолиддин Нуриддинов иштирокида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

50 дан ортиқ тадбиркорлар қатнашган мулоқот давомида давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда унда белгиланган муҳим вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда бизнес муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА