Ўзбекистон энергетика ҳафталиги: 34 мамлакат вакиллари ягона мақсад йўлида бирлашди
Ўзбекистон энергетика соҳаси сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар, йирик инвестиция лойиҳалари ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тармоқнинг трансформация жараёнини жадаллаштирмоқда.
Бу жараёнда халқаро мулоқот майдонлари, йирик форум ва кўргазмалар нафақат тажриба алмашиш, балки стратегик шерикликларни мустаҳкамлаш, янги инвестицияларни жалб қилиш ҳамда минтақавий энергетика хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бугун пойтахтимиздаги “CAEx Uzbekistan” халқаро кўргазма мажмуасида Ўзбекистон энергетика ҳафталигининг очилиши ҳам шундай эзгу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ҳафталик доирасида “Янги энергетика: инновациялар, барқарорлик ва минтақавий ҳамкорлик” мавзусига бағишланган Ўзбекистон энергетика форумида мутасаддилар, маҳаллий ва хорижий экспертлар, мутахассислар ва ҳамкорлар иштирок этди.
[gallery-29347]
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Беларусь Республикаси энергетика вазири Денис Мороз ва бошқалар сўзга чиқиб, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, бугунги кунда инфратузилма, рақамли технологиялар ва минтақавий ҳамкорликка инвестиция киритиш энергетика соҳасининг барқарор ривожланиши учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Бу йўналишда электр тармоқлари ва уланиш тизимлари модернизация қилиниб, янгиланмоқда. Бугун энергетика мамлакатимиз учун стратегик йўналишга айланди. Шу мақсадда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соҳага хусусий инвестициялар учун йўл очилди, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилди ва шаффоф инвестиция муҳити шакллантирилди.
Натижада сўнгги йилларда энергетика соҳасига қарийб 35 миллиард АҚШ доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилди, 9 гигаватт янги қувватлар ишга туширилди. Умумий генерация қуввати 25,8 гигаваттга етди, электр ишлаб чиқариш ҳажми эса 60 миллиарддан 85 миллиард киловатт соатга ошди. Шу билан бирга, “яшил” энергетика ҳам ривожланяпти. Қуёш ва шамол қувватлари 5,5 гигаваттдан ошди, тоза энергия улуши 30 фоизга етди. Аҳоли ва бизнес объектларида 2 гигаваттдан ортиқ қуёш панеллари ўрнатилди. Яна бир муҳим устувор вазифа – маҳаллийлаштиришни кенгайтириш. Бугун энергетика соҳаси учун етказиб берилаётган маҳаллий маҳсулот ва хизматлар ҳажми сезиларли даражада ошиб бормоқда ва бу йўналишда катта салоҳият мавжуд, – деди Ж.Хўжаев.
Иштирокчилар соҳадаги долзарб масалаларни, жумладан, энергетик хавфсизликни таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш ва экологик барқарорликни кучайтириш каби йўналишларни атрофлича муҳокама қилди. Шунингдек, улар илғор технологиялар ва инновацион ечимларни тақдим этиш асносида соҳадаги замонавий тенденциялар билан танишиш, тажриба алмашиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Мазкур мулоқотлар доирасида минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, тармоқ инфратузилмасини модернизация қилиш ва халқаро шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Беларусь Республикаси энергетика вазири Денис Морознинг сўзларига кўра, энергетик мустақиллик масаласи кўплаб мамлакатлар учун стратегик аҳамиятга эга.
– Саноатлашган ҳудудларда энергияга бўлган талаб юқори бўлса-да, ички ресурслар ҳар доим ҳам бу эҳтиёжни тўлиқ қоплай олмайди. Шу сабабли, энергетика хавфсизлигини таъминлашда альтернатив энергия турларини ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Сўнгги йилларда дунё миқёсида “яшил” энергетикага ўтиш жараёни фаоллашган бўлса-да, унинг самарадорлиги ҳар бир мамлакатнинг табиий-иқлимий шароитига боғлиқ. Қуёшли кунлар сони, шамол режими ва географик хусусиятлар каби омиллар қайта тикланадиган энергия манбаларининг ривожланиш имкониятларини белгилаб беради.
Шу нуқтаи назардан, энергетика сиёсатини шакллантиришда универсал ёндашув эмас, балки ҳар бир давлатнинг реал ресурслари ва шароитларига мослашган стратегик қарорлар муҳим аҳамият касб этади, – деди у.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон энергетика ҳафталиги мамлакат энергетика соҳасининг янги ривожланиш босқичини намоён этиб, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва илғор технологияларни жорий этиш учун муҳим мулоқот платформаси вазифасига айланмоқда. Бу гал унда дунёнинг 34 мамлакатидан 580 та компания ва бренд, 140 нафар спикер ва модератор, шунингдек, 1500 нафардан ортиқ делегат иштирок этаётгани бунга яққол мисолдир. Форумда бу кўрсаткичлар ушбу нуфузли тадбир тарихидаги энг юқори натижа сифатида қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, уч кун давом этадиган ушбу ҳафталик ўзида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2026” 28-халқаро кўргазмаси, “Энергетика, энергия тежаш, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2026” 19-халқаро кўргазмаси, “Яшил энергия тежовчи технологиялар – GETCA 2026” ихтисослаштирилган бўлими, Ўзбекистон энергетика форуми, Нефть ва газ анжумани, Халқаро энергетика анжумани ҳамда “Youth Energy Section” ёшлар энергетика блокини ўзида жамлаган.
Муҳими, ушбу йирик майдон энергетика соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги технологиялар алмашинувини кучайтириш ва “яшил” энергетика йўналишидаги истиқболли ташаббусларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА