Ўзбекистон ва Япония стратегик шерикликни янада мустаҳкамламоқда
Ўзбекистон ташқи сиёсий идорасида Япония ташқи ишлар вазири ўринбосари Арфия Эри хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шериклик муносабатини изчил ривожлантириш, олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувларни амалий босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, “яшил” тараққиёт, рақамлаштириш ва инновация соҳасида қўшма лойиҳаларни фаоллаштириш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашувда “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур формат минтақа давлатлари ва кун чиқар юрт ўртасидаги ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашда муҳим платформа сифатида баҳоланди.
Шунингдек, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, инвестиция ва технология ҳамкорлигини кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Томонлар ўзаро ишонч ва узоқ муддатли умумий манфаатга асосланган шерикликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирдилар.
Д. Ҳакимов, ЎзА