ОТБ Осиё ва Тинч океани минтақаси учун янги молиявий механизмни ишга туширди
Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилиши ўтказилмоқда.
“Тараққиёт чорраҳалари: минтақанинг ўзаро боғлиқ келажагини илгари суриш” шиори остида ўтказилаётган йиғилишда ОТБга аъзо давлатлар, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлардан 4000 га яқин вакил иштирок этмоқда.
Бугун ўтказилган йиғилишда Осиё тараққиёт банки томонидан Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларини экологик тоза энергетика, аккумулятор, электромобил ва рақамли технологиялар учун зарур бўлган ўта муҳим аҳамиятга эга минерал ресурслар етказиб бериш занжирларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги молиявий механизм ишга туширилгани эълон қилинди.
– Ўта муҳим аҳамиятга эга минерал ресурслар кейинги саноат даврини белгилайди, – деди Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда. – Осиё ва Тинч океани минтақаси фақат хом ашё манбаи бўлиб қолмаслиги керак. Минтақа ушбу ресурслар таъминлайдиган иш ўринлари, технологиялар ва қўшилган қийматдан ҳам фойда кўриши лозим. Мазкур механизм тезкорлик ва адолат тамойилларига асосланади: ривожланаётган аъзо мамлакатларимиз илғор ишлаб чиқариш соҳасида рақобатлаша олиши ва ўз иқтисодиётларида имкониятлар яратиши учун масъулиятли етказиб бериш занжирларини шакллантиришга қаратилган.
Ўта муҳим аҳамиятга эга минерал ресурслардан ишлаб чиқаришгача йўналтирилган ҳамкорликдаги молиялаштириш механизми минтақани фойдали қазилмаларни қазиб олишдан бошлаб юқори қўшилган қийматга эга тармоқларга, жумладан, қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва қайта фойдаланишга ўтишини таъминлашга ёрдам берилади. Мазкур механизм лойиҳаларни тайёрлашга кўмаклашади, сиёсатни ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлайди ҳамда ўта муҳим аҳамиятга эга минерал ресурслар қиймат занжири бўйлаб давлат инвестициялари ва хусусий молиялаштиришни рағбатлантиради.
Ушбу механизм икки таркибий қисмдан, яъни грант ойнаси ва каталитик молиялаштириш ойнасидан иборат.
Грант ойнаси лойиҳаларни тайёрлашнинг дастлабки босқичларини молиялаштиради, жумладан, техник-иқтисодий асослаш, экологик ва ижтимоий баҳолашлар, техник ёрдам ҳамда билим алмашинувини таъминлайди. Япония ҳукумати грант ойнасига 20 миллион, Буюк Британия ҳукумати эса 1,6 миллион АҚШ доллари ажратишни ўз зиммасига олган.
Каталитик молиялаштириш ойнаси эса бошқа молиявий ҳамкорлардан қўшма молиялаштиришни жалб этиш ва хатарларни тақсимлаш учун мўлжалланган. Корея Экспорт-импорт банки ҳамда Korea Trade Insurance Corporation ушбу механизмнинг илк ҳамкорлари сифатида ҳар бири 500 миллион АҚШ доллари миқдорида меморандумлар имзолади.
Қайд этилишича, янги механизм ОТБнинг 2025 йилги стратегиясига таянади ва аллақачон айрим йўналишларда кўмак бермоқда.
Хусусан, Ҳиндистонда аккумуляторлар ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ривожлантириш, Мўғулистонда геологик маълумотларни хариталаштириш, Ўзбекистонда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ўта муҳим металлар ишлаб чиқариш ва циркуляр ёндашувларни жорий этиш, Қозоғистонда ўта муҳим аҳамиятга эга минерал ресурслар бўйича стратегия ишлаб чиқиш, Филиппинда эса ўта муҳим минерал ресурслар бўйича йўл харитасини шакллантириш ва норматив-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларига киришилган.
Мазкур механизм экологик тоза энергетика ва рақамли технологияларга ортиб бораётган талабни қондириш билан бирга янги иш ўринлари яратиш ва минтақада инклюзив иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА