“Оқ-Қия” божхона пункти ҳамда “Сўх” чегара божхона пости 24 соатлик иш режимига ўтказилди
Эндиликда Шоҳимардон қишлоғи ҳамда Сўх туманига дам олиш мақсадида йўл олган фуқаролар учун чегара ўтиш пунктларидан сутканинг исталган вақтида бемалол ўтиш имконияти яратилди.
Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда қайд этилишича, Фарғона вилояти Божхона бошқармасига қарашли “Фарғона” чегара божхона пости, Шоҳимардон қишлоғига кириш қисмида жойлашган “Оқ-Қия” божхона пункти ҳамда “Сўх” чегара божхона пости 24 соатлик иш режимига ўтказилди.
Аввал ушбу божхона назорат-ўтказиш масканлари соат 06:00 дан 22:00 гача хизмат кўрсатиб келган эди.
Мазкур ўзгаришлар асосан ёзги сайёҳлик мавсумида фуқароларнинг ҳаракатланиши учун қулай шароит яратиш, йўловчилар оқимидаги тирбандликларни камайтириш ҳамда дам олиш масканларига боришни янада енгиллаштириш мақсадида жорий этилди.
Таъкидланишича, янги тартиб жорий йилнинг 1 октябрига қадар амал қилади. Шоҳимардон ва Сўх йўналишларига дам олишга йўл оладиган фуқаролар ушбу қулайликдан эркин фойдаланишлари мумкин.
Бу, байрам кунлари, жумладан Ҳайит арафасида тақдим этилган қўшимча қулайликдир.
Ш.Маматуропова,
ЎзА