«Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида ман этилган ҳолатлар кўрсатиб ўтилди
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2025-2026 ўқув йили якуни муносабати билан «Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!» шиори остида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ташкил этилади.
Хусусан, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари жорий йилнинг 25 май куни эрталаб соат 8:00 дан 9:00 гача ўтказилади. Бундан ташқари, 25-30 май кунлари барча ҳудудларда «Хайр боғча — салом мактаб!» шиори остида мактабгача таълим ташкилотлари битирувчилари учун байрам тадбирлари ташкил этилади.
Вазирлик тавсиясига кўра, тадбирларни ўтказишда ўқувчиларга яратилаётган шароитлар ва уларнинг эришаётган ютуқларини битирувчиларга содда ва тушунарли тарзда етказиш, намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиган ўқувчиларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, ўқувчиларнинг ота-оналари «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она» каби номинациялар ҳамда «Миннатдорчилик хат»лари билан тақдирланиши белгиланган.
Маълумотларга кўра, “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда мактаб ҳовлисидаги соя-салқин ва очиқ майдонларда ташкил этиш талаб этилади. Шунингдек, ўқувчилар томонидан автотранспорт воситаларини бошқариш каби ҳолатлар қатъиям ман этилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА