Скрининг — ҳаёт ва умид кафолати
Сирдарё вилоятида хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ва тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган кенг қамровли тиббий-маърифий акция ўтказилди. Тадбир Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташаббуси билан марказнинг Сирдарё вилояти филиали ҳамда Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида аёллар ўртасида энг кўп учрайдиган хавфли касалликлардан бири — бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонидир. Мутахассислар фикрича, ушбу касалликларнинг аксарияти кеч аниқланаётгани оғир асоратлар ва ўлим ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис аҳоли ўртасида профилактика ишларини кучайтириш, айниқса скрининг текширувларини кенг жорий этиш долзарб вазифага айланган.
Сирдарёда ташкил этилган мазкур тиббий акция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур қарорга мувофиқ 2025–2030 йилларда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш давлат дастурини амалга ошириш белгиланган. Ушбу дастур доирасида скринингнинг клиник стандартлари тасдиқланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлаш мақсадида скрининг-регистр ва канцер-регистр тизимлари амалиётга жорий этилгани ҳам тизимдаги муҳим янгиликлардан бири бўлди. Бу эса хавфли касалликларни ўз вақтида аниқлаш, беморларни доимий назоратга олиш ва даволаш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Уч кун давом этган акция доирасида тиббиётнинг бир нечта муҳим йўналишлари қамраб олинди. Дастлаб вилоятдаги лаборатория хизматлари фаолияти таҳлил қилиниб, уларнинг замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси, текширувлар сифати ва ташхислар аниқлиги ўрганилди. Мутахассислар томонидан соҳа ходимларига амалий тавсиялар берилди.
Кейинги босқичда туман ва шаҳарларда фаолият юритаётган онкогинекологлар, гинекологлар ҳамда акушеркалар учун семинар-тренинглар ташкил этилди. Машғулотларда саратон касалликларини эрта аниқлашнинг замонавий усуллари, профилактика чоралари ва беморлар билан ишлашнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди.
Акциянинг энг муҳим қисми эса аҳоли билан бевосита ишлаш жараёни бўлди. Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада 30, 40 ва 50 ёш тоифасидаги хотин-қизлар учун бепул скрининг кўриклари ташкил этилди. Шифокорлар томонидан аёлларга касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, хавф омиллари, профилактика чоралари ва даволаш усуллари ҳақида батафсил тушунтириш ишлари олиб борилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, скрининг дастурлари касалликни дастлабки босқичда аниқлаш, самарали даволаш имкониятларини кенгайтириш ва саратон билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиали директори, олий тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаеванинг таъкидлашича, бу каби тиббий акциялар нафақат касалликларни эрта аниқлаш, балки аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– Бугунги кунда аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш нафақат тиббиёт тизимининг, балки жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Айниқса, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони каби касалликларни эрта аниқлаш орқали кўплаб оғир асоратлар ва ўлим ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Энг муҳими, аёлларда ўз саломатлигига масъулият билан ёндашиш, мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш маданияти шаклланмоқда. Бу эса соғлом оила ва соғлом авлодни таъминлашга хизмат қилади, – дейди мутахассис.
[gallery-29538]
– Энг муҳими, ҳар бир аёл ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги, мунтазам тиббий кўрикдан ўтиб туриши лозим. Чунки эрта ташхис — узоқ умр гарови, – дейди Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси Дилбар Аҳмедова.
Бу каби тиббий-маърифий тадбирлар нафақат касалликларнинг олдини олиш, балки аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА