Оҳангароннинг саноат салоҳияти янги босқичда
Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Оҳангарон туманидаги йирик саноат корхоналарига пресс-тур ташкил этилди.
Асосий мақсад кейинги йилларда ҳудудда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда уларнинг мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, импорт ўрнини босиш ва экспорт салоҳиятини оширишдаги аҳамияти билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди. Таъкидлаш лозимки, кейинги йилларда Оҳангарон тумани мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Бу ерда электротехника, машинасозлик, металлургия, қурилиш материаллари ва қайта ишлаш саноатида ўнлаб йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.

Бу жараёнга Президентнинг жорий йил 13 февраль куни Оҳангарон туманидаги электротехника саноати технопаркидаги корхоналарга ташрифи ҳам муҳим туртки берди. Ташриф давомида юқори технологияли, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқараётган қатор янги корхоналар фаолияти билан танишилиб, ҳудуд саноатини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб "Premier Electrotech" қўшма корхонасида бўлди. Тут маҳалласи ҳудудида 10 гектар майдонда барпо этилган мазкур корхонага 30 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Бу ерда турли маиший техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, унинг йиллик қуввати 200 минг донани ташкил этади. Корхонада йилига 300 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Лойиҳа доирасида 150 та янги иш ўрни яратилган.

Пресс-тур давомида ОАВ вакилларига маиший техникалар қандай шароитда ишлаб чиқарилиши, сифат назорати босқичлари, замонавий технологиялар кўрсатилди. Мутахассислар билан суҳбатда бу борадаги саволларга атрофлича жавоб олинди.
Навбатдаги манзил "Enco Group" қўшма корхонаси бўлди. Ушбу корхонанинг умумий майдони 21 гектарни ташкил этади. Тўғридан-тўғри хорижий маблағлар ҳисобидан амалга оширилган лойиҳанинг қиймати 57,5 миллион АҚШ долларига тенг. Корхона мутахассисларининг айтишича, бу ерда йиллик 24 минг тонна юқори кучланишли кабель маҳсулотлари, мис трубкалари ва изоляцияланган мис шиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Мазкур корхонада республикада биринчи марта 110, 220 ва 330 киловольтли юқори кучланишли кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу мамлакатимиз энергетика тармоғи учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, аввал импорт орқали олиб келинган ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжнинг катта қисмини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қоплаш имконини беради. Натижада мазкур маҳсулотлар импортини қарийб 60 фоизга қисқартириш ва сезиларли миқдорда валюта маблағларини тежашга эришилади.
Лойиҳа доирасида 485 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, бу аҳоли бандлигини таъминлаш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологик линиялар, маҳсулот сифати назорати ҳамда келгусида экспорт географиясини кенгайтириш бўйича режалар билан ҳам танишди.
А.Мусаев, ЎзА