Ўқувчиларнинг ёзги таътили мазмунли ташкил этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ёшларнинг ёзги таътил вақтини мазмунли ва самарали ташкил этишга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” дастури доирасида Андижон шаҳридаги 4-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар учун турли йўналишлардаги машғулотлар йўлга қўйилган. Ушбу ташаббус ёшларнинг бўш вақтини фойдали ўтказиш, уларнинг қизиқиши ва иқтидорини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
2019 йилда мукаммал таъмирланган мазкур таълим муассасасида айни пайтда 3 минг 591 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактабда ёзги таътил давомида замонавий таълим, ижод ва маҳорат, спорт ва соғлом турмуш, санъат, тасвирий ижод, китобхонлик ҳамда касбга йўналтириш каби йўналишларда турли тўгарак ва амалий машғулотлар ташкил этилган.
Таълим муассасасининг моддий-техник базаси бу каби машғулотларни самарали ўтказиш имконини бермоқда. Хусусан, информатика хоналари, спорт зали, кутубхона, фаоллар зали ва махсус фан хоналари ўқувчилар ихтиёрига тақдим этилган. Машғулотлар давомида болалар спорт мусобақаларида иштирок этиш, мутолаа қилиш, расм чизиш, қўл меҳнати билан шуғулланиш ва компьютер технологиялари бўйича кўникмаларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлмоқда.
[gallery-30183]
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА