Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Нурафшонда йирик Хитой инвесторлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда рақамли бошқарув тизимлари, саноатни автоматлаштириш, тиббиёт, қурилиш, автомобиль саноати, озиқ-овқат, тўқимачилик, қурилиш материаллари, активларни бошқариш, медиа, ахборот технологиялари ҳамда халқаро бизнес консалтинг каби соҳаларда фаолият юритаётган 13 та йирик Хитой компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ҳозиргача Нурафшон шаҳрида 130 дан ортиқ хорижий ва қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улардан 47 таси хитойлик инвесторлар ҳисобига тўғри келади.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Ж.Мамажонов ҳамда Нурафшон шаҳар ҳокимлиги масъуллари томонидан ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти, замонавий инфратузилмаси ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар батафсил тушунтирилди. Хитойлик инвесторлар тақдим этилган имкониятларни юқори баҳолаб, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишга катта қизиқиш билдирди. Якунда ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
***
Ёшлар ойлиги доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши томонидан кафилликка олинган ёшлар билан самимий суҳбат ташкил этилди. Унда ёшларнинг муаммо ва таклифлари тингланиб, уларни қийнаётган масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, таълим, бандлик, касб-ҳунар эгаллаш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топиш борасида зарур тавсия ва кўмаклар берилди. Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва келажакка ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги бундай учрашувлар ҳудудларда изчил давом эттирилади.
***

Қибрай туманидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари иштирокида туман поликлиникаларида эндокринологик хизмат фаолияти ўрганилди.
Бунда патронаж ҳамширалар томонидан “Эндоскринг” дастури орқали 40 ёшдан ошган аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилиши, хавф гуруҳига кирувчи фуқароларнинг оилавий шифокорларга йўналтирилиши, скрининг натижаларининг DMED электрон тизимига тўлиқ киритилиши ҳамда беморларни диспансер назоратига олиш жараёнлари таҳлил қилинди.
Тадбир доирасида амбулатор қабулга мурожаат қилган 50 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга малакали тавсия ва маслаҳатлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА