Одамларнинг кайфияти яхши бўлса, жамият ҳам юксалади
Яшаш тарзимиз кўнгилдагидек кечиши бир қанча омилларга боғлиқ. Масалан, жисмоний тетиклик, руҳий хотиржамлик ва ҳоказолар. Шундагина киши умрида маъно туйиб яшайди. Инсон ҳаётида энг керакли воситалардан бири бу шубҳасиз самарадорлик.
Яъни, ўтаётган ҳар бир вақт киши учун унумли бўлиши лозим. Бунда эса кайфият ғоят улкан аҳамиятга эга. Негаки, жисмоний ва руҳий мувозанатни меъёрда сақловчи муҳим восита ҳам айнан кайфият.
Гулнинг кўрки унинг очилиб тургани бўлганидек, инсон кўрки ҳам унинг кулгиси. Зеро, Абу Али Ибн Сино бемор кулаётган лаҳзаларида юз фоиз соғлом одам ҳолатида бўлади, деган. Бу ҳақиқатни психологлар ҳам тасдиқлайди. Хусусан, француз психологларининг фикрича, кулги организмни ёшартиради. У ички секреция безлари фаолиятининг яхшиланишига, бош оғриғи ва чарчашда, артериал босимнинг маромида бўлишига ҳамда юракка ижобий таъсир кўрсатади.
Шунинг учун ҳам хушчақчақ инсонлар камроқ касал бўлади. Қолаверса, улар унча-мунчага тушкунликка тушмайди. Бизнинг халқимиз сўзга уста бўлиб, ҳазил-мутойибани ҳеч канда қилмайдиган халқ саналади. Зеро, аския жанрининг бизда яхши ривож топгани ҳам бунинг исботи.
Умуман олганда, бутун дунё халқлари кулиб яшашни ёқлашади ва шунга интилишади. Чунки кулги жиддий касалликларга қарши табиий ҳимоя воситаси ҳамдир. Айниқса, кулгининг инсон иммунитет тизимига бўлган таъсири улкан. Буни ҳиссиётнинг иммунитет тизимига таъсир этишини ўрганувчи соҳа асосчиларидан бири бўлган невропатолог Барри Битман ҳам тасдиқлайди. У ўз илмий изланишларида буни илмий жиҳатдан исботлайди.
Хулоса қилиб айтганда, инсон ҳаётини гўзаллаштирувчи неъматлар ичра кулгининг ҳам ўрни беқиёс. Аслида ҳам самимийликка ҳеч нарса тенг келмайди. Кулиш, кулдириш ҳар биримизга ҳамроҳ бўлса, бахтлилар сафи кенгаяди. Одамларнинг кайфияти яхши бўлса, жамият ҳам юксалади.
Шербек Исломов,
ЎзА