Божхона ва саноат ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Нодиржон Салимжонов Янгиер шаҳрида жойлашган “Jingu Sanoat Parki” МЧЖ хорижий корхонаси ходимлари билан сайёр учрашув ўтказди.
Мулоқотда ишлаб чиқариш жараёнларини узлуксиз таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни енгиллаштириш ҳамда божхона тартиб-таомилларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Жараёнда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими имкониятлари алоҳида қайд этилиб, ушбу тизим корхоналар учун ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлашда муҳим восита экани таъкидланди.
Шунингдек, божхона органлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, импорт хом ашёларини қайта ишлаш жараёнларини оптималлаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

“Jingu Sanoat Parki” корхонаси 50 гектар майдонда фаолият юритиб, тўрт босқичли йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, ип-калава, тўқимачилик маҳсулотлари, бўяш цехлари ҳамда тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўналишларини ташкил этиш режалаштирилган.
Ҳозирда қиймати 4,4 миллион АҚШ долларига тенг замонавий пахта тозалаш линияси ишга туширилган бўлиб, унда вилоятда етиштирилган пахта қайта ишланиб, юқори сифатли тола маҳсулоти олинмоқда.

Учрашув давомида корхонанинг кейинги босқичларда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги технологик йўналишларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири