Фахрийга юксак эҳтиром кўрсатилди
“Бурч, жасорат, матонат!” — шу улуғ шиор остида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Сирдарё вилоятида маънавий-маърифий руҳдаги ташриф ташкил этилди.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Фахрийлар кенгаши, Мирзаобод тумани Ветеран жангчи уюшмаси ҳамда Гулистон давлат педагогика институти талаба-ёшлари ҳамкорлигида ўтказилди.

Ташриф доирасида иштирокчилар Мирзаобод туманида истиқомат қилувчи афғон уруши қатнашчиси Бердиёров Абдумажид Орзиқулович хонадонида бўлиб, унинг ҳолидан хабар олдилар.
Абдумажид Бердиёров афғон уруши қатнашчиси. У оғир ва мураккаб шароитларда Ватан олдидаги ҳарбий бурчини сидқидилдан адо этган. Ҳозирда фахрий Мирзаобод туманида истиқомат қилади.

Ташриф чоғида фахрийнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиниб, уларга эътибор ва эҳтиром кўрсатилди.
Самимий суҳбатлар давомида унинг Ватан олдидаги хизматлари, жанг майдонларидаги матонати ва инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, эсдалик совғалари топширилиб, байрам муносабати билан эзгу тилаклар билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири