Очиқ мулоқот ташкил этилди
Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказининг конференция залида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Тадбирда Сирдарё вилояти прокурори Савид Иматов, ахборот-кутубхона маркази директори Ойбек Каримов ҳамда Республика Маънавият ва маърифат марказининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов иштирок этиб, мактаб ўқувчилари, фаол китобхон ёшлар ва кутубхона ходимлари билан учрашди.
Учрашувнинг асосий мақсади ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ошириш, китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда ҳуқуқий саводхонликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Шу билан бирга, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг келажакдаги ривожи учун муҳим йўналишлар муҳокама қилинди.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таълим, касб танлаш ва ҳаётий мақсадлар юзасидан фикр алмашдилар.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда ватанпарварлик, маънавий тарбия, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ҳамда китоб мутолаасининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугунги учрашув ёшлар билан очиқ мулоқотнинг самарали намунаси бўлди. Бундай тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, китобга бўлган қизиқишини кучайтириш ҳамда маънавий дунёқарашини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ёшлар билан бевосита суҳбатлашиш, уларнинг фикр ва таклифларини эшитиш келгусидаги тарбиявий ишлар самарадорлигини янада оширади, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов.
Учрашув якунида прокурор Савид Иматов томонидан фаол китобхон ёшларга китоблар жамланмаси совға қилинди. Шунингдек, ахборот-кутубхона маркази фондини бойитиш мақсадида турли бадиий ва маърифий адабиётлардан иборат китоблар тўплами ҳам тақдим этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири