Обод юртга байрамлар ярашади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида тарғибот тадбирлари ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда.
Навбатдаги тадбир Мингтерак маҳалласида ташкил этилди. Унда маҳалла аҳли, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди. Эҳсон дастурхони ёзилиб, болажонлар томонидан куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди.
Тадбир иштирокчилари юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, маҳаллада амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари ҳамда аҳоли учун яратилаётган қулайликлардан мамнунлигини билдирди.
Маҳаллада “Янги Ўзбекистон қиёфаси” дастури доирасида қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, Саховат, Бинокор, 3-Авлоний, Ғайратий, Фитрат ва Парвоз кўчаларининг жами 10 километр ички йўллари асфальтланди. Айни пайтда аҳоли ташаббуси ва уюшқоқлиги билан йўлларнинг икки четини бетонлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу эса йўлларнинг мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар хизмат қилишини таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-30888]
Туманнинг Ёшлик маҳалласида ҳам аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2-Исломобод кўчасида 198 та электр таянч устуни ўрнатилиб, 3 та трансформатор пункти ҳамда 5,8 километр янги электр тармоғи қурилмоқда. Лойиҳа якунлангач, 300 нафар аҳолининг электр таъминоти яхшиланади.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастури маблағлари ҳисобидан Исломобод ва Табаррук кўчаларидаги 2 километр ички йўл асфальтланди.
Мингчинор маҳалласидаги Саноат кўчасида ҳам йўлларни асфальтлаш ишлари олиб борилиб, аҳоли ва транспорт ҳаракати учун қулай шароит яратилмоқда. Кўчадаги ирригация тизими билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмоқда. Айни пайтда пиёдалар йўлакчасини ташкил этиш ишлари давом этяпти.
Маҳаллаларда амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари аҳоли учун қулай шароит яратиш баробарида ҳудудлар қиёфасини янада обод ва кўркам этмоқда. Энг муҳими, эзгу ишлар Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида маҳалла аҳлига қувонч бағишлаб, байрамга муносиб туҳфа бўлмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА