Ҳудудий ривожланишда БРМнинг роли кучайтирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтида ҳудудларда Барқарор ривожланиш мақсадларининг (БРМ) мақсад ва вазифаларини амалга ошириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатнинг 14 та ҳудудидаги 41 та олий таълим муассасасидан олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Семинар давомида БРМни ҳудудий даражада амалга оширишнинг долзарб масалалари, бу жараёнда халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш имкониятлари ҳамда Ўзбекистонда Ихтиёрий маҳаллий шарҳларни (VLR) тайёрлашнинг аҳамияти муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудудларда БРМ кўрсаткичларини мунтазам мониторинг қилиш, илмий-тадқиқот натижаларидан самарали фойдаланиш ва уларни ҳудудий ривожланиш жараёнларига татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғунлаштириш, белгиланган мақсадларга эришиш даражасини баҳолаш ҳамда бу жараённи самарали мониторинг қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА