Иссиқ ҳаво шароитида энергетика тизимлари барқарорлиги қандай таъминланади?
Ҳароратнинг меъёрдан юқори кўтарилиши энергетика тизимлари учун қўшимча синовларни юзага келтирмоқда. Хусусан, ёз фаслида ҳавони совитиш эҳтиёжининг ортиши аҳоли ва корхоналарнинг электр энергияси истеъмолини кўпайтиради. Натижада нафақат электр энергиясига бўлган талаб, балки уни ишлаб чиқариш қувватлари ва энергетика инфратузилмасига тушадиган юклама ҳам сезиларли даражада ошади.
Халқаро энергетика агентлигининг “Electricity Mid-Year Update 2026” шарҳига кўра, 2026 йилда жаҳонда электр энергиясига бўлган талаб 3,6 фоизга, 2027 йилда эса яна 3,8 фоизга ошиши кутилмоқда. ХЭА бу ўсишни саноатнинг ривожланиши, электромобиллар ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари сонининг кўпайиши билан бир қаторда, кондиционерлар ва иссиқлик насосларидан фойдаланиш кенгаяётгани билан ҳам изоҳлайди.
Мазкур тенденция мавсумий юқори юклама даврларида янада яққол намоён бўлади. Айниқса, иссиқ тўлқинлари кузатилганда совитиш қурилмаларидан фойдаланишнинг кескин ортиши электр тармоқларига қўшимча босим юзага келтиради. Шу билан бирга, юқори ҳарорат энергетика объектларининг ишлаш шароитларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Масалан, ҳаво ҳароратининг ошиши, сув ресурсларининг ҳолати ва бошқа табиий омиллар электр энергияси ишлаб чиқариш технологияларининг самарадорлигига турлича таъсир кўрсатади. Шу сабабли, тизимнинг юқори юклама шароитида ишончли ишлашини таъминлаш учун техник ва лойиҳавий ечимларни олдиндан ҳисобга олиш муҳим.
Бу ёндашувни атом энергетикаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Ядро энергияси агентлиги (NEA) маълумотларига кўра, иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик каби экстремал шароитлар атом электр станцияларининг эксплуатациясига таъсир қилиши мумкин. Бундай ҳолатларда станциянинг барқарор ишлаши, аввало, унинг жойлашуви, маҳаллий иқлим ва гидрологик шароитлар, шунингдек, лойиҳалаш босқичида танланган техник ечимларга боғлиқ бўлади.
“Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвнинг қайд этишича, юқори ҳарорат шароитида АЭСларнинг совитиш тизимлари иш режимига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Шу билан бирга, бундай шароитлар атом энергетикаси учун фавқулодда ҳолат эмас, балки станцияларни лойиҳалаш ва эксплуатация қилишда олдиндан ҳисобга олинадиган мавсумий омиллардан биридир.
– Россиядаги атом электр станцияларининг иқлим шароитлари жуда хилма-хил, шу жумладан, экстремал ҳолатлар эҳтимоли ҳам ҳисобга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади ва эксплуатация қилинади.
Бизда шимолий ҳудудларда жойлашган Кольская ва Билибино АЭСлари, шунингдек, сузувчи атом электр станцияси мавжуд. Шу билан бирга, мўтадил иқлим шароити учун мўлжалланган лойиҳалардан ташқари, иссиқ ва қурғоқчил ҳудудларда эксплуатация қилишга мослаштирилган станциялар ва лойиҳалар ҳам бор. Бунга Мисрдаги “Эль-Дабаа” АЭСини мисол қилиш мумкин. Ҳар бир лойиҳа муайян майдоннинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Бунда ҳаво ҳарорати, гидрологик шароитлар, шамол режими, сув таъминоти, сейсмик хусусиятлар ва бошқа табиий омиллар инобатга олинади.
Юқори ҳарорат шароитига мослашишнинг амалий мисолларидан бири Россиядаги энг жанубий Ростов АЭСидир. Бу ҳудудда ёз фаслида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиши, тупроқ ҳарорати эса 60 даражагача кўтарилиши мумкин. Станция тўлиқ қувватда ишлай бошлагач, энг иссиқ даврларда 3 ва 4-сонли энергоблокларда техник сув ҳароратининг мақбул кўрсаткичдан юқори бўлиши аниқланган.
Шундан сўнг муаммони бартараф этиш мақсадида вентиляторли совитиш минораларидан иборат қўшимча мажмуа барпо этилди ва 2021 йилда фойдаланишга топширилди. Улар асосий совитиш миноралари билан биргаликда ишлаб, энг иссиқ даврларда иссиқлик алмашинувини кучайтиради. Бу эса энергоблок қувватини пасайтирмаган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини барқарор сақлаш имконини беради. Ҳозирда 4-сонли энергоблок учун ҳам худди шундай мажмуа қурилиши якунланмоқда. Уни 2027 йилда саноат эксплуатациясига топшириш режалаштирилган, – дея таъкидлаган Алексей Лихачёв.
Айтиш жоизки, АЭСларни турли иқлим шароитларида эксплуатация қилиш тажрибаси энергетика объектларининг барқарорлигида лойиҳалаш босқичида қабул қилинган қарорлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Шу билан бирга, ташқи шароитлар ўзгарган тақдирда, станция жойлашган майдоннинг амалдаги параметрларини ҳисобга олган ҳолда айрим тизимларни модернизация қилиш туфайли қўшимча мослашув чоралари кўрилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА