Мустақиллик — халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётида акс этмоқда
Мустақиллик ҳар бир халқ ҳаётида тарихий бурилиш ясайдиган, унинг давлатчилиги, миллий ўзлиги ва келажагини белгилаб берадиган юксак қадриятдир.
Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилиниши билан халқимизнинг эркин ва озод тараққиёт йўли бошланди. Ўтган 35 йил давомида мамлакатимизда сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Мазкур жараёнда Конституция демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилди. 2023 йилда Конституциянинг янги таҳрири умумхалқ референдуми орқали қабул қилиниб, унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, ижтимоий давлат тамойили ва давлатнинг фуқаролар олдидаги масъулиятига алоҳида урғу берилди.
Сўнгги йилларда «Янги Ўзбекистон» ғояси асосида инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, коррупцияга қарши курашишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ўзгаришлар жамият ва давлат ҳаётининг турли соҳаларида янги ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Иқтисодиётда очиқлик ва рақобат муҳитини кучайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида махсус иқтисодий ва саноат зоналари ташкил этилди. Энергетика, транспорт, кимё, металлургия, тўқимачилик ва қурилиш соҳаларида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, иқтисодиётни модернизация қилиш ва янги иш ўринларини яратиш учун имкониятлар кенгаймоқда.
Шу билан бирга, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Пенсия ва нафақалар тизими такомиллаштирилди, ижтимоий ҳимоянинг янги механизмлари жорий этилди, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайтирилди. Бу борада аҳолига манзилли ва самарали ижтимоий хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таълим соҳасида ҳам кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Мактабгача таълим қамрови кенгайди, янги мактаблар ва олий таълим муассасалари ташкил этилди, таълим олиш имкониятлари сезиларли даражада ошди. Бу жараён замонавий билим ва касб-ҳунарга эга, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида замонавий тиббий технологияларни жорий этиш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни ривожлантириш ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил олиб борилмоқда. Юқори технологияли тиббий хизматлар кўламининг кенгайиши аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш ва тенг имкониятларини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш, таълим ва касб-ҳунар эгаллаши учун имкониятларни кенгайтириш, шунингдек, уларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиздаги ички ислоҳотлар очиқ ва прагматик ташқи сиёсат билан уйғунлашиб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Натижада мамлакатнинг иқтисодий, сиёсий ва инвестициявий алоқалари кенгайиб, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратилмоқда.
Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ ва Туркий давлатлар ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар доирасида фаол иштирок этиб, глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурмоқда. Айниқса, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва конструктив мулоқот муҳитини шакллантиришда мамлакатимизнинг роли тобора ортиб бормоқда.
Эришилган натижалар билан бир қаторда, мамлакат тараққиётининг кейинги босқичида иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш муҳим вазифалар бўлиб қолмоқда.
Рақобатбардош миллий иқтисодиётни шакллантириш, саноатда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, «яшил иқтисодиёт» тамойилларини кенг жорий этиш, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш келгуси тараққиётнинг муҳим омилларидир.
Мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизда давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаш учун мустаҳкам замин яратди. Бугунги ислоҳотлар эса ана шу натижаларни янги босқичга олиб чиқиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида инсон манфаатларини янада устувор таъминлашга қаратилган.
Инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, рақобатбардош иқтисодиётни ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшлар учун янги имкониятлар яратиш мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.
Демак, мустақиллик – нафақат тарихий сана, балки халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёти, миллий тараққиёти ҳамда келажагини белгилаб берувчи буюк қадриятдир. Уни асраб-авайлаш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва янги марраларни забт этиш барчамизнинг умумий вазифамиз ва юксак бурчимиздир.
Пардахол НОРҚОБИЛОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
масъул ходими.
ЎзА