Ҳимоя, реабилитация ва муносиб ҳаёт сари
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан одам савдосидан жабрланганлар ва муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги янгиликларга бағишланган ўқув семинари ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 августдаги «Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Унда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари директорлари ва тегишли шўъба мудирлари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази вакиллари, ички ишлар, бандлик ва соғлиқни сақлаш тизимлари масъуллари иштирок этди.
Семинарда, аввало, одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда зарур хизматларга йўналтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Янги тартибга кўра, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, ихтисослашган муассасалар ҳамда айрим нодавлат нотижорат ташкилотларига одам савдосидан жабрланганларни дастлабки идентификация қилиш ваколати берилади. Дастлабки ва якуний идентификация натижаларига кўра, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагини билдирган шахслар ҳақидаги маълумотлар белгиланган тартибда «Инсон» марказлари ва тегишли реабилитация муассасаларига йўналтирилади.
Шунингдек, жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсга дастлабки идентификация натижасига кўра бир ойгача, якуний идентификациядан сўнг жабрланган деб тан олинган шахсга эса кўпи билан бир йилгача мақом бериш тартиби белгиланган. Ҳудудий комиссия томонидан якуний идентификация ўтказиш муддати ўн суткагача этиб белгиланган.
— Семинарда одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва идентификация қилишнинг янги тартибларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Энг муҳими, шахсни фақат аниқлашнинг ўзи эмас, балки унинг кейинги тақдири, эҳтиёжлари ва қандай ижтимоий хизматларга муҳтожлигига ҳам эътибор қаратиш зарур. Шу боис ҳар бир ҳолатга индивидуал ёндашув муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси шўъба мудири Камолжон Раҳматбоев.
[gallery-31135]
Семинарда бошпанасиз шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида жорий этилаётган янги ёндашувларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 августдаги «Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларини Вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказлари деб қайта номлаш белгиланди.
Шунингдек, бошпанасиз шахсларни мазкур марказларга суд қарори асосида жойлаштириш амалиёти бекор қилиниб, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб улар ўз розилиги асосида марказларга жойлаштирилади.
Қарорда марказларга жойлаштирилган шахсларни вақтинчалик бошпана, озиқ-овқат ва шахсий гигиена воситалари билан таъминлаш, шунингдек, уларни индивидуал режа асосида ижтимоий хизмат ва ёрдамлар билан қамраб олиш чоралари ҳам назарда тутилган. Семинарда мазкур тартибнинг мазмун-моҳияти ва уни амалиётга самарали татбиқ этиш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Янги тизимда инсонга вақтинчалик бошпана бериш билан чекланиб қолинмайди. Унинг ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжлари баҳоланиб, индивидуал режа асосида зарур ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Зарур ҳолларда тиббий ёрдам, психологик кўмак, ҳужжатларни тиклаш, бандлик ва касб-ҳунарга йўналтириш каби хизматлар ҳам ташкил этилади. Бу эса инсоннинг нафақат оғир вазиятдан чиқиши, балки мустақил ҳаётга қайтиши учун муҳим омилдир.
— Инсонни оғир вазиятдан олиб чиқиш фақат унга бошпана бериш ёки бир марталик ёрдам кўрсатиш билан чекланмаслиги керак. Муҳими, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан қайта тиклаш, касбий кўникмаларини ривожлантириш ва мустақил ҳаётга қайтиши учун зарур шароитларни яратишдир. Бу жараёнда ҳар бир инсонга индивидуал ёндашув муҳим аҳамиятга эга, — дейди семинарда иштирок этган Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Сирдарё вилояти ҳудудий маркази директори Соҳиба Мамасолиева.
Шу нуқтаи назардан, семинарда идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни ўз вақтида аниқлаш, уларга манзилли хизмат кўрсатиш ва реабилитация жараёнини самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Гулистондаги ушбу ўқув семинари янги ҳуқуқий механизмларни масъул ходимларга етказиш баробарида, инсон тақдирига дахлдор ҳар бир ҳолатга масъулият билан ёндашиш, жабрланган ва ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун зарур имкониятларни яратишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Энг муҳими, инсонни ҳимоя қилиш — уни оғир вазиятдан олиб чиқиш билан эмас, балки муносиб ҳаётга қайтиши учун зарур имкониятларни яратиш билан ўлчанади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири