Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида чиқиндиларни бошқариш соҳасини ривожлантириш, хизматларни рақамлаштириш ва иқтисодий самарадор тизимни яратиш масалалари муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида ўтказилган йиғилишда соҳада амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Айни пайтда ҳудудда санитария тозалаш хизматлари 4 та давлат-хусусий шериклик асосидаги корхона, “Тоза ҳудуд” давлат муассасаси ҳамда 13 та муқобил корхона томонидан кўрсатилмоқда. Мулоқотда чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш, хизматлар сифатини ошириш, чиқинди полигонларини тартибга келтириш, дебитор қарздорликни қисқартириш ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, соҳага хусусий секторни кенг жалб этиш ва замонавий технологиялар асосида самарали бошқарув тизимини йўлга қўйиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар белгилаб берилди.
***
Олмалиқ шаҳрида “Ягона халқ, ягона Ватан, ягона мақсад” шиори остида соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида “Касаба уюшмаси кубоги” гимнастика мусобақаси ўтказилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда Спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақа барча туман-шаҳарлардаги тиббиёт муассасалари, Тошкент вилояти Перинатал маркази ҳамда Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент вилояти филиалидан 250 нафарга яқин хотин-қизларни бирлаштирган 24 та жамоа қатнашди.
Барча чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан артистизм, техник ижро, оригиналлик ва композиция уйғунлиги каби мезонлар асосида баҳоланди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент вилояти филиали жамоаси 1-ўринни эгаллаб, “Касаба уюшмаси кубоги”ни қўлга киритди. Бўка тумани жамоаси 2-ўринга, Чирчиқ шаҳри жамоаси эса 3-ўринга муносиб деб топилди. Ғолиблар жамоаларга эсдалик совғалари топширилди.
***
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Қибрай туманида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларга муносиб байрам совғаси улашилди.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм чегара қўриқлаш взводларидан бирида хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар учун барпо этилган 24 та хизмат уйининг калитлари тантанали равишда топширилди. Тантанали маросимда иштирок этган Қибрай тумани ҳокими Музаффар Рашидов, Чегара қўшинлари раҳбарияти, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари қатнашди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уй-жой билан таъминлаш ҳамда оилаларга ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
Шунингдек, тадбир давомида туман ҳокимлиги томонидан ҳарбий хизматчиларга эсдалик совғалари ҳам топширилди.
А.Мусаев,ЎзА