Мустақиллик ва журналистика: 35 йиллик шарафли йўл
Пойтахтимизда журналистика соҳасининг 70 нафардан ортиқ фаол вакили «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирланди.
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида тараққиётимиз, юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, давлат ва жамият ҳаёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа вакиллари ҳамда фаол фуқароларга «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони тантанали тарзда топширилмоқда.
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан «Мустақиллик ва журналистика: 35 йиллик шарафли йўл» мавзусида маърифий тадбир ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган ижодкорлар, соҳа фаоллари ва устоз журналистлар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси, таниқли шоир Шуҳрат Орипов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдусаид Кўчимов, «Ishonch» ва «Ishonch-Doverie» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлар доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Шерзодхон Қудратхўжа ва бошқалар сўзга чиқди.
Нотиқлар миллий медиа соҳасининг равнақи, аввало, юксак профессионал ва замонавий билимларга эга кадрларга бевосита боғлиқ эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда журналистлик фаолият махсус қонунлар ҳамда соҳавий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинади. Миллий қонунчиликда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши, ахборотни излаш, тўплаш ва тарқатиш имкониятларини таъминлаш, журналистларнинг қонуний ижодий мустақиллигини кафолатлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар белгиланган.
Журналистика соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилган. Шунингдек, хорижий медиа компаниялар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда журналистлар учун маҳорат дарслари, тренинглар ҳамда хорижда малака ошириш дастурлари мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Соҳада меҳнат қилаётган ижодкорларнинг касбий фаолиятини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида илғор соҳа вакиллари фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланади. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Олтин қалам» миллий мукофоти ва бошқа ижодий танловлар ҳам журналистлар меҳнатини муносиб эътироф этишга хизмат қилмоқда.
[gallery-31113]
Энг улуғ, энг азиз айём — Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида пойтахтимиздаги барча турдаги оммавий ахборот воситаларида самарали меҳнат қилаётган 70 нафардан ортиқ журналистика соҳаси фаолига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони тантанали равишда топширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар журналистика соҳаси ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва ижодкорлар меҳнатининг муносиб қадрланаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА