Мустақилликнинг 35 йиллиги: умумий иш ҳамкорликни дўстликка айлантирмоқда
Юқори технологиялар асрида йирик қўшма иқтисодий ва инвестициявий лойиҳалар мамлакатларни бирлаштиш ва яқинлаштиришга хизмат қилади. Бироқ чинакам ҳамжиҳатлик одамлар бирга меҳнат қилган, бир-бирининг маданиятини ўрганган, ягона жамоани қўллаб-қувватлаган ва бир дастурхон атрофида ҳар бири учун муқаддас ва азиз бўлган Ватан ҳақида суҳбатлашган пайтда юзага келади.
Ана шундай шукуҳ билан “Asia Trans Gas” МЧЖ ҚКда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилди. Байрам дастури корхонанинг ўзбекистонлик ва хитойлик ходимларини бирлаштириб, инсоний мулоқот ва ўзаро ҳурмат мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашини намоён этди.
Ўзбекистон ва Хитой энергетика, қурилиш, тоғ-кон саноати, логистика, таълим ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳамкорликни изчил кенгайтириб бормоқда. Энергетика соҳасида бундай ҳамкорликнинг ёрқин намуналаридан бири – 18 йилдан ортиқ вақт давомида икки мамлакат мутахассислари илғор тажриба ва замонавий технологияларни уйғунлаштирган ҳолда бир жамоа бўлиб фаолият юритиб келаётган “Asia Trans Gas” Ўзбекистон–Хитой қўшма корхонаси.
Корхона муҳим инфратузилмавий вазифаларни амалга ошириш, соҳани модернизация қилишда иштирок этиб, мамлакат иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бир неча йилдан буён “Asia Trans Gas” хизмат кўрсатиш соҳасидаги йирик солиқ тўловчилар қаторидан ҳам жой олиб келмоқда. Корхонада ҳамкорлик фақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари доирасидан чиқиб, икки давлатнинг муҳим саналарини биргаликда нишонлаш, спорт мусобақалари ва маданий тадбирларни ўтказиш анъаналари шаклланган.
Шундай анъаналардан бири Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги байрами арафасида Бухоро шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган мини-футбол турниридир. Мусобақа ҳудудий станциялар ҳамда маъмурий бўлинмалар ходимларини бирлаштиради. Жорий йил спорт байрамида 80 нафардан ортиқ ходим 8 та жамоага бўлиниб, икки кун давомида бош соврин учун кураш олиб борди.

Футбол майдонида ўйинни интизом, ўзаро ёрдам, аниқ пас, жамоадошларига ишонч ва биргаликда ҳаракат қилиш қобилияти ҳал қилади. Айнан шу жиҳатлар йирик халқаро корхона фаолиятида ҳам зарур. Шу боис турнир нафақат спорт мусобақаси, балки “Asia Trans Gas” жамоаси бирдамлигининг яна бир амалий ифодасига айланди.
Мустақиллик байрами тадбирлари қўшма корхонанинг бош офисида “Менинг кичик ватаним” номли тантанали тадбир билан давом этди. Унда ходимлар бир-бирига Ўзбекистон ҳақида расмий тилда эмас, балки ўз хотиралари орқали сўзлаб берди.
Ҳар бир инсоннинг ўз кичик ватани бор. Кимдир учун бу – Нукус ва Қорақалпоғистоннинг бепоён адирлари, бошқалар учун – қадимий Хоразм. Яна кимдир учун эса Фарғона водийси, Қашқадарё ёки Сурхондарё. Булар – нисон мактабга илк қадамини қўйган, яқинлари яшайдиган, кўчалари, анъаналари ва уйда тайёрланган таомларнинг иси уфуриб турган маскан. Мамлакатнинг буюк тарихи ана шундай кичик ҳикоялардан яратилади.

Корхонанинг турли бўлинмалари вакиллари ўз ҳудудлари ҳақида ижодий тақдимотлар тайёрладилар. Ходимлар диққатга сазовор жойлар, машҳур юртдошлар, ҳунармандчилик, миллий таомлар ва маҳаллий урф-одатлар ҳақида сўзлаб бердилар. Тақдимотлар давомида видеороликлар ва викториналар ҳам ўтказилди. Бу орқали ходимлар Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари бўйлаб ўзига хос саёҳат қилиш имкониятига эга бўлдилар. “Истиқлол” болалар рақс ансамблининг чиқишлари эса юртимиз ҳудудларининг бой фольклорини намойиш этди.
Викториналарда, айниқса, хитойлик мутахассислар фаол иштирок этди. Уларнинг аксарияти учун ушбу тадбир бугун яшаб ва меҳнат қилаётган мамлакатни мутлақо янги қиррадан – нафақат машҳур сайёҳлик йўналиши, балки дўстлари ва ҳамкасбларининг шахсий ҳикоялари орқали ҳам кўриш имконини берди.
– Ўзбекистонда уч йилдан буён яшаб, ишлаб келаман. Ҳамкасбларим билан мамлакатингизнинг асосий давлат байрамини учинчи марта бирга нишонлаяпман. Бу йил мен Ўзбекистон ҳудудлари билан анча яқиндан танишиш имкониятига эга бўлиб, илк бор анъанавий Хоразм таоми – тухумбаракни еб кўрдим. Мен мамлакатингиз тарихи ва маданиятига қизиқаман, шу боис викторина давомида деярли барча саволларга тўғри жавоб бера олдим. Хитойлик ҳамкасбларим номидан ўзбек халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий табриклайман!” – деди корхона ходими Гао Яцзюн.

Тадбирда “Asia Trans Gas” МЧЖ ҚК Бош директори Лю Чжигуан ва Бош директорнинг биринчи ўринбосари Миржалол Азизов ҳам жамоа аъзоларига ўз табрик сўзларини йўлладилар. Улар Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти, қўшма корхонанинг инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш ва мамлакат тараққиётига қўшган ҳиссасини алоҳида қайд этдилар. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг узоқ муддатли вазифалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Байрамнинг расмий қисми самимий руҳда ҳудудлар ошлари фестивали билан давом этди. Катта қозонларда Самарқанд зиғир оши, Андижон девзира палови ва Тошкент тўй оши тайёрланди. Бир дастурхон атрофида турли бўлинмалар ва миллат вакиллари ўзбек миллий таомининг турфа кўринишларини татиб кўрдилар ва мулоқотни норасмий муҳитда давом эттирдилар.
Айнан шу онларда байрамнинг асосий ғояси яққол намоён бўлди – мир лойиҳа устида ишлаш мумкин, турли мамлакат вакили бўлиш мумкин, ҳар хил тилда сўзлашиш мумкин, лекин одамлар бир-бирининг анъаналарини билса, байрамларни биргаликда нишонласа, мусобақалашса ва умумий натижалардан фахрланса, маданиятлар ўртасидаги масофа анча қисқаради.
“Asia Trans Gas” учун мустақилликнинг 35 йиллиги нафақат қутлуғ сана, балки йирик халқаро ҳамкорлик оддий, лекин энг муҳим қадриятлардан – ҳурмат, ишонч ва бир жамоа бўла олишдан бошланишини яна бир бор намоён этди.
ЎзА