Мустақиллик шоҳ кўчасида янги замонавий бекат павильонлари ўрнатилмоқда
Маълумки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ободонлаштириш бошқармаси томонидан пойтахтда ободонлаштириш, тозалаш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари жадал давом этмоқда. Жараён доирасида кўчалар ва каналлар тозаланиб, яшил ҳудудларни сақлаш чоралари кучайтирилган.
Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши муносабати билан дарахт ва гулзорларни суғориш ҳамда кўчаларга сув сепиш ишлари давом этмоқда.
Пойтахтнинг марказий ҳудудларида, жумладан, Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик шоҳ кўчасида ҳам кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Мустақиллик шоҳ кўчасида йўл қопламаси, ёритиш, сув қочириш тизими ва бекат инфратузилмасини комплекс янгилаш ишлари давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, айни пайтда биринчи босқич доирасидаги асосий ишлар якунланмоқда. Кўчанинг бир қисмида асфальтлаш ишлари тугалланди ва ушбу йўналиш қисқа муддатларда транспорт ҳаракати учун очилишга тайёрланмоқда.
Жумладан, биринчи босқич доирасида эски асфальт қопламаси фрезаланди, йирик донали асфальт-бетонлар ётқизилди, базальт геотўри ўрнатилди ҳамда 23 039 м² майдонга ПШМА-20 қопламаси ётқизилмоқда.

ПШМА-20 юқори транспорт юкламасига, иссиқ об-ҳаво шароитида деформация ва ғилдирак излари ҳосил бўлишига чидамлилиги ҳамда узоқ муддат хизмат қилиши билан ажралиб туради.
Сув қочириш тизимида 1 143 метр сув қочириш лотоги янгиланди, металл қувурлар алмаштирилди, янги бордюр ўрнатилди ва эскилари янгиланди.
Мазкур ишлар ёғингарчилик вақтида сувнинг йўл юзасида тўпланиб қолишининг олдини олиш, асфальт қопламасининг хизмат муддатини узайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини оширишга хизмат қилади.

Ёритиш тизимида ҳам ўзгаришлар қилинди. Жумладан, эски ёритиш устунлари демонтаж қилинмоқда, 67 та янги ёритиш устуни ўрнатилмоқда.
Бекат инфратузилмасида эса 3 та янги автобус майдончаси ташкил этилмоқда. Шунингдек, 3 та замонавий бекат павильони ўрнатилмоқда. Йўловчилар учун кутиш ҳудудлари кенгайтирилмоқда ҳамда тактик йўналтирувчи плиталар ётқизилмоқда.
Бу автобусларнинг бекатларга эркин яқинлашиши, йўловчиларнинг хавфсиз чиқиб-тушиши ва қулай шароитда кутишини таъминлайди.
Ишларга 30 дан ортиқ махсус техника, шунингдек, 250 нафардан зиёд ишчи ва малакали мутахассис жалб қилинган.
Барча жараёнлар белгиланган технологик талаблар ва муҳандислик ечимлари асосида олиб борилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА