Қаршида ёшлар учун Медиа марказ очилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида замонавий Медиа марказ фойдаланишга топширилди.
Марказда фото ва видео контент тайёрлаш, монтаж қилиш, подкаст ва интервьюлар ёзиш, матбуот анжуманлари, брифинглар ҳамда тақдимотлар ўтказиш учун зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, график дизайн, SMM ва рақамли маркетинг йўналишларида фаолият юритишни истаган ёшлар учун ҳам имкониятлар мавжуд.
Медиа марказ замонавий кутубхона, коворкинг ҳудуди, учрашув майдонлари ва кутиш зоналари билан жиҳозланган. Бу ерда ёшлар ижодий лойиҳалар устида ишлаш, тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга.
Марказда медиа саводхонлиги, контент яратиш ва сунъий интеллект технологияларига бағишланган ўқув-семинарлар, ижодий учрашувлар ва тренинглар мунтазам ташкил этилиши режалаштирилган.
[gallery-30428]
Ёшлар марказида ёзги таътил даврида ҳам турли тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, шахмат ва робототехника тўгаракларида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА