Тиббиёт хабарлари
Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан учрашди.
Мулоқотда мазкур давлат билан тиббиёт йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда давлатларимиз раҳбарлари томонидан эришилган келишувлар натижасида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда. Буни икки давлат Соғлиқни сақлаш вазирликлари, тиббиёт марказлари ҳамда олий таълим муассасалари алоқалари фаоллашиб бораётгани яққол тасдиқлайди.
Учрашувда ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласига катта эътибор қаратилди. Хусусан, етакчи тиббиёт марказлари ўртасида кардиохирургия, трансплантология, онкология, юқори технологияли тиббий ёрдам соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Мулоқот давомида фармацевтика маҳсулотлари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Якунда томонлар яқин истиқболда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
***

Дори воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар вакиллари иштирокида навбатдаги онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг масъул мутахассислари иштирок этди.
Мулоқот давомида “PHARMACON LLC” МЧЖ томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддатини узайтириш учун тақдим этилган 13 номдаги дори воситалари, шунингдек, “SULTON MEDPHARM” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 5 номдаги дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Учрашувда мазкур дори воситалари бўйича экспертиза жараёнлари муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ҳужжатларни амалдаги талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини самарали ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
***

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда АҚШнинг "Dana-Farber Cancer Institute" вакиллари ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
"Dana-Farber Cancer Institute" онкология соҳасидаги дунёдаги етакчи тиббий ва илмий марказлардан бири бўлиб, Harvard Medical Schoolнинг етакчи клиник муассасаларидан ҳисобланади. Институт саратон касалликларининг профилактикаси, диагностикаси, даволаш ва клиник тадқиқотлар йўналишларида халқаро миқёсда фаолият юритади.
Учрашувда институтнинг Клиник тадқиқотлар ва аҳоли саломатлиги йўналиши бўйича етакчи мутахассиси, профессор Тимоти Реббек (Timothy Rebbeck) иштирок этиб, клиник тадқиқотларни ташкил этиш, онкология соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар клиник тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда онкология йўналишида инновацион ёндашувларни жорий этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Учрашув якунида клиник тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва онкология йўналишидаги ҳамкорликни босқичма-босқич кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА