Мурожаатларга эътиборли бўлиш – устувор вазифа
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида инсон манфаатлари, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва давлат идораларининг халқ олдидаги масъулиятини ошириш масаласи турибди. Бу жараёнда фуқаролар мурожаатларини тинглаш, уларни ўрганиш ва муаммоларга ўз вақтида ечим топиш давлат бошқарувининг муҳим тамойилига айланди.
Айниқса, коммунал хизматлар сифати аҳоли кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлгани боис мазкур соҳада очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқот алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров иштирокида ўтказилган брифингда соҳада амалга оширилаётган ишлар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати ва истиқболдаги вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида Президент Халқ қабулхоналари ҳамда жамиятнинг ҳудудий корхоналарига жами 6 минг 421 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 98 фоизи белгиланган муддатларда кўриб чиқилган. Эътиборли жиҳати шундаки, мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга камайган. Бу аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва муаммоларни ҳал этиш самарадорлиги ошиб бораётганини кўрсатади.
Брифингда қайд этилганидек, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида йил бошидан буён қарийб 900 километр ичимлик суви ҳамда 180 километр оқова сув тармоқлари ётқизилди. Шунингдек, айрим маҳаллаларда график асосида етказиб берилаётган ичимлик суви таъминотини босқичма-босқич 24 соатлик режимга ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбарининг тегишли қарорлари асосида республика бўйлаб умумий фойдаланишдаги сув тармоқларидан аҳоли хонадонларига тўғридан-тўғри уланиш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. Бу эса минглаб оилаларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Соҳада рақамлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида Тошкент шаҳрида 100 мингдан ортиқ “ақлли” сув ҳисоблагичлари ўрнатилди. Бу ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлаш, истеъмолчилар учун қулайлик яратиш ва хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ёз ойларида сув таъминоти тизимига тушадиган юклама ортишини инобатга олган ҳолда, мавсумга тайёргарлик ишлари ҳам изчил ташкил этилган. Жумладан, 9 минг 216 километр ичимлик суви тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари бажарилди, 1 минг 615 та насос мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш мақсадида йил бошидан буён 614 та сайёр қабул ўтказилди. Уларда кўтарилган масалаларнинг қарийб 70 фоизи жойида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар белгиланиб, ижро назоратига олинган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган мурожаатлар доимий мониторинг қилиниб, зарур ҳолларда мутахассислар жойларга чиққан ҳолда муаммоларни ўрганмоқда. Ҳисобот даврида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган 505 та танқидий-таҳлилий материалнинг ҳар бири юзасидан асосли муносабат ва расмий изоҳлар берилгани ҳам очиқлик тамойилларига амал қилинаётганидан далолат беради.
Брифингда таъкидланганидек, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, мурожаатларга тезкор муносабат билдириш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш давлат органларига нисбатан жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади. “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан ҳам аҳолини сифатли ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлаш, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш бундан буён ҳам фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА