Касбий таълимда ислоҳотларнинг янги босқичи
Мамлакатимизда инсон капитали, ёшларнинг билим олиши ва уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, касбий таълим тизимини такомиллаштириш, уни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш орқали меҳнат бозори учун рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг асосий вазифаларидан бирига айланган.
Бунда давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини бажармоқда. Қарорга кўра, 9-синф битирувчиларининг касбий таълим қамровини кенгайтириш, тизимда дуал таълим улушини ошириш белгиланган.
Учқудуқ туманидаги 2-сон техникумда 623 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Даргоҳда 28 нафар педагог ҳамда 14 нафар ишлаб чиқариш таълими устаси ёшларга назарий билим ва амалий кўникмалар бериш орқали уларнинг малакали мутахассис бўлиб етишишига ҳисса қўшмоқда.
Техникумда таълим жараёни меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилган. 2025-2026 ўқув йилида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, металларга ишлов бериш, фойдали қазилмаларни бойитиш каби 12 та йўналиш бўйича қабул амалга оширилган бўлса, 2026-2027 ўқув йилида бу кўрсаткич 13 тага етказилди.
Энг муҳими, таълим жараёни ишлаб чиқариш билан узвий боғланган. Бугун техникумда 5 та дуал таълим гуруҳи фаолият юритмоқда.
– Бу тизим орқали ўқувчилар вақтнинг маълум қисмида аудиторияда билим олса, қолган қисмида корхоналарда амалиёт ўтайди. Натижада улар диплом билан бирга ҳақиқий иш тажрибасига ҳам эга бўлади, – дейди муассаса директори Шерзод Назаров. – Техникум ҳамда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Шимолий кон бошқармаси тизимидаги корхона ва ташкилотлар, шунингдек, “Навоийуран” давлат корхонаси ўртасидаги ҳамкорлик бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда. Тузилган шартномалар асосида ўқувчиларнинг амалиёти тўлиқ ишлаб чиқариш муҳитида ташкил этилмоқда. Бу ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, амалиётга жалб этилган ўқувчилар меҳнати учун иш ҳақи олади. Яъни ёшлар таълим олиш билан бир вақтда даромад топиш имкониятига ҳам эга бўлмоқда. Бу эса уларнинг меҳнатга бўлган қизиқишини ошириш, иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ва келажакдаги иш фаолиятига тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Фойдали қазилмаларни бойитиш йўналишида таҳсил олаётган Наргиза Рўзиева ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшлардан бири. У ҳозирда “Навоийуран” давлат корхонаси “Учқудуқ” ИЧМнинг сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи лабораториясида амалиёт ўтамоқда.
– Амалиёт давомида назарий билимларимни мустаҳкамлаяпман. Мутахассислар билан бирга ишлаш орқали соҳанинг нозик жиҳатларини ўрганмоқдаман. Энг муҳими, меҳнатимиз муносиб баҳоланиб, қарийб 4 миллион сўм ойлик маош оляпман. Шунингдек, махсус кийим-бош, иссиқ овқат ва транспорт хизмати билан таъминланганмиз, – дейди Наргиза.
Жорий йилда техникум битирувчиларининг 90 фоиздан ортиғи ўз мутахассислиги бўйича меҳнат фаолиятини бошламоқда.
Энг муҳими, бугунги битирувчилар нафақат иш изловчи, балки замонавий технологияларни ўзлаштирган, амалий кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассис сифатида меҳнат бозорига кириб келмоқда. Бу эса касбий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим натижаси ҳисобланади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири