Боғчалардаги ўрта махсус маълумотли педагоглар дуал таълим асосида ўқитилади
Таълим сифатини кучайтиришнинг энг асосий ечими педагогларнинг малакасини оширишдир. Айниқса, буни мактабгача таълим босқичидан амалга ошириш айни муддао.
Худди шу мақсадда, “Мактабгача таълим йўналиши бўйича халқаро тажриба асосида бакалаврлар тайёрлаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
2026 йил 24 июнда қабул қилинган қарорга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан:
Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун ҳафтада 1 кун педагогика олий таълим ташкилотида, 5 кун мактабгача таълим ташкилотида тўлов-шартнома асосида мазкур йўналишда бакалавриат босқичида дуал таълим шаклида ўқиш жорий этилади.
Бунда ўқишга мактабгача таълим ташкилотларида камида 3 йил давомида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар тест синовлари асосида қабул қилинади.
Дуал таълим шаклида мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида педагогика олий таълим ташкилотларига фақат тегишли ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар қабул қилинади.
Шунингдек, 2028/2029 ўқув йилидан Ўзбекистон миллий педагогика университетининг, 2029/2030 ўқув йилидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги педагогика олий таълим ташкилотларининг халқаро таълим дастурлари жорий этилган бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчи курс талабаларига якуний давлат аттестацияси билан бирга ўз хоҳишига кўра касбий сертификатлаш синовларида бепул иштирок этиш имконияти берилади.
Шербек Исломов, ЎзА